[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.01.2021. Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам роли беқиёс бўлиб келмоқда.

Сўнгги йилларда мазкур энг йирик жамоат ташкилоти томонидан кўплаб спорт тадбирлари, жумладан, “Саломатлик”, “Отам, онам ва мен” оммавий мусобақалари, Республика раҳбар ходимлари ва фахрийлар ўртасида спартакиадалар ўтказиш яхши анъанага айланди. Жойларда оммавий спортни ривожлантиришда, унинг моддий-техник базасини яратиш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳозирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш бошқармасида самарали меҳнат қилиб келаётган спорт фахрийларининг оммавий спортни ривожлантиришда ўз ўрни бор.

Яқинда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Касаба уюшмалари Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш бошқармаси фахрийлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мавзуига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиев, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва Касаба уюшмалари тизимида узоқ йиллар фаолият олиб борган спорт фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан расмийлар ўзбек спортида қўлга киритилаётган ютуқларда фахрийларимизнинг бой тажрибалари ҳам қўл келаётгани, ўзбек спортчиларининг янги марраларни забт этишларида ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ўтаётгани тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

“Барчангиз узоқ йиллар ўз касбингиз ривожи учун меҳнат қилдингиз. Спортимизнинг ҳозирги ютуқларида Сизларнинг ҳам улушингиз катта. Миллий олимпия қўмитасини худди ўз уйингиздек қабул қилинг. Ҳозир ҳам имкониятингиз бўлса, терма жамоаларимиз машғулотларига бориб, уларнинг шуғулланиши ҳақида ўз фикрларингизни билдиришингиз, қўшимча тавсиялар беришингиз биз учун ғоятда муҳим. Миллий олимпия қўмитаси Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда ишлашдан миннатдор. Янги Ўзбекистонинг спорт соҳасидаги ривожида Сизларнинг ҳам ҳиссангизни кўришни истаймиз”, – деди, жумладан МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов.

Тадбирда кўп йиллар давомида ўзбек спорти ривожи учун хизмат қилган, умрини юртимизда спорт тараққиёти ва олимпия ҳаракатининг ривожига бағишлаган бир қатор фахрийлар сўз олиб, бугун мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитлар, имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шундан сўнг, Касаба уюшмалари тизимида кўп йиллар меҳнат қилган бир гуруҳ спорт фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ва Касаба уюшмалари Федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.