29.01,2021. Куни кеча Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзуида видеоконференцалоқа шаклидаги халқаро Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси аъзолари, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси – ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Минтақавий бюроси директори раҳбарлигидаги делегация, БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари, Европа иттифоқи, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, АҚШ, Германия, Швейцария ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Минтақавий бюроси директори Хайнц Коллер, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси раиси Адҳам Икрамов сўз олиб, мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини амалда татбиқ этиш борасидаги тизимли ишлар, уларнинг натижалари хусусида алоҳида тўхталдилар.
Хусусан, Давра суҳбатида Ўзбекистонда охирги йилларда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш каби муҳим йўналишларда эътироф этишга сазовор ижобий ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ва муносиб иш ўринларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари, бу борада келгусидаги устувор вазифалар, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда Давлат меҳнат инспекциясини институционал ривожлантириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, пандемия шароитида бандликни таъминлаш орқали аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бу борада мавсумий ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ўзига хос механизм ишга туширилгани, яъни, бир-биридан мустақил бўлган Парламент назорати, Учинчи томон мониторинги ва Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати амалга оширилгани, унинг самарали натижалари алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида халқаро экспертларга мамлакатимизда пандемия шароитида аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, хусусий секторни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2020 йилда пахта йиғим-терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ХМТнинг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси Бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп 2020 йилги пахта терими мавсумида амалга оширилган Учинчи томон мониторинги хулосалари ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнатнинг мавжуд эмаслигини алоҳида эътироф этди ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, ҳорижий инвесторларни Ўзбекистонга келиб, бизнес юритишга чорлади.
Ўз навбатида “Коттон кампейн” халқаро коалицияси вакили Беннет Фриман ҳамда «Хьюман Райтс Вотч» халқаро нодавлат ташкилоти вакили Хью Вильямсон томонидан Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ҳолатларининг мавжуд эмаслиги тан олинди.
Муҳокамалар жараёнида Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Ўзбекистон 2020 йилда пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмагани тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолишларини билдирдилар. Шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида сезиларли натижаларга эришилганлиги ҳамда фуқароларни мажбурий меҳнатга тизимли жалб этиш ҳолатлари қайд этилмаганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Таъкидланганидек, ушбу натижаларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кучли сиёсий иродаси, Давлат раҳбари ташаббуси билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича кескин чоралар кўрилгани, қишлоқ хўжалиги соҳасининг модернизация қилиниши ва пахта хом ашёси учун давлат буюртмасининг бекор қилиниши асосий омил бўлди. Шунингдек, терилган пахта хом ашёси учун тўлов миқдорларининг оширилгани, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшилангани муҳим ўрин тутгани қайд этилди.
Халқаро Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев “Миллий мониторинг ва мавсумий ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш” мавзуида сўзга чиқиб, 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилган Миллий мониторинг ва унинг натижалари хусусида таҳлилий маълумотларни тақдим этди. Хусусан, теримчилар учун меҳнат шароитларини яратиш, пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторинг COVID-19 пандемияси билан боғлиқ карантин чекловлари шароитида ўтказилганини қайд этди. Таъкидланганидек, Миллий мониторинг олдидан касаба уюшма ташкилотлари давлат бошқаруви органлари, Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фермерларнинг халқаро ва миллий меҳнат стандартлари бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказдилар. Бундан ташқари, аҳолига касаба уюшмаларининг “Ишонч телефони” фаолияти тўғрисидаги ахборотларни етказиш ҳамда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан республикамизнинг барча туман ва шаҳарлари марказларига 400 та баннер жойлаштирилди, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда одамлар гавжум жойларга 10 минг дона плакатлар илинди, меҳнаткашларга ва аҳолига 200 мингта флаер тарқатилди. Фуқароларни касаба уюшмаларининг 1092 қисқа рақамли “Ишонч телефони”дан ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги ишларидан хабардор қилувчи ижтимоий ролик тайёрланиб, ҳар куни республика ва маҳаллий телеканаллар, Федерациянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали намойиш этилди.
Миллий мониторинг 2020 йил 24 сентябрдан 31 октябргача ўтказилди, ушбу давр мобайнида республика туман ва шаҳарларига ҳудудий ишчи гуруҳларнинг тасодифий танлаб олиш асосидаги 425 маротаба ташрифи амалга оширилди.
Мазкур ташрифлар давомида 953 та фермер хўжалиги, 1 та олий таълим муассасаси, 5 та коллеж, 2 та академик лицей, 212 та умумтаълим мактаби, 11 та мактабгача таълим ташкилоти, 79 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 55 та тадбиркорлик субъекти, 25 та ҳокимлик ва 31 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида мониторинг гуруҳлари томонидан 2523 нафар респондент билан интервьюлар ўтказилди.
Мониторинг натижалари охирги 3-4 йил ичида фуқароларнинг пахта теримидаги ихтиёрий иштироки даражаси 96,5 фоиздан 98,5 фоизга ортганини кўрсатмоқда, яъни ушбу кўрсаткич йилдан йилга ортиб бормоқда.
2020 йилда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда талабаларни пахта теримига жалб этиш ҳолатлари бирор марта ҳам аниқланмади. Охирги йилларда пахта терими жараёнида болалар меҳнатидан фойдаланишга тўлиқ барҳам берилгани ҳам эътирофга сазовордир.
Меҳнат шароитлари борасида Миллий мониторинг натижаларининг кўрсатишича, 2020 йилда фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан теримчилар учун аввалги йилларга қараганда яхши шароитлар яратилган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, мониторинг жараёнида теримчилар учун яратилган шароитлар билан бир қаторда, ХМТнинг “Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-Конвенцияси талаблари бажарилиши таъминланиб, теримчиларга Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасига аъзо бўлиш ҳамда терим отряди касаба уюшма ташкилотини тузиш имкониятлари ҳам яратиб берилди.
Пахта терими мавсуми давомида касаба уюшмаларининг янгидан тузилган инспекциялари ҳам Қайта алоқа механизми ва Миллий мониторингни қўллаб-қувватлаш доирасида жамоатчилик назоратини олиб бордилар. Хусусан, Миллий мониторинг жараёнида касаба уюшмаларининг Қайта алоқа механизмига келиб тушган мурожаатлар ҳамда жамоатчилик назоратини ўтказиш жараёнида аниқланган меҳнат соҳасидаги қонунчиликка риоя этмаслик ҳолатлари тўлиқ бартараф этилиб, эркин ёлланган теримчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев ўз сўзи якунида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ишларини янада ривожлантириш борасида Касаба уюшмалари Федерациясининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди.
Халқаро Давра суҳбатида мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ходимлар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият, хусусан, Жахон банки, Европа иттифоқи, “Коттон кампейн” халқаро коалицияси, «Хьюман Райтс Вотч» халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари, АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари томонидан юқори баҳоланди.
Давра суҳбати давомида экспертлар томонидан мамлакатимизда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар билан бирга фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.
Шунингдек, мазкур соҳада Халқаро меҳнат ташкилоти ва тегишли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари билан яқин ҳамкорликни давом эттириш, Давра суҳбати давомида билдирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари