09.02.2021. “Ўзметкомбинат” Акциядорлик жамияти Касаба уюшма қўмитаси томонидан “Металлурглар” маданият саройида ўзбек мумтоз адабиёти тарихида ёрқин из қолдирган икки буюк бобокалонларимиз – ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган “Назм ва наво” маърифий-бадиий тадбири ўтказилди. Унда комбинат ходимлари, ёш мутахассислар, шаҳар Кенгаши депутатлари, адабиёт ва санъат ихлосмандлари, ёш ижодкорлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган комбинат Касаба уюшма қўмитаси раиси Ахмаджон Узоқов ғазал мулкининг султони, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ўлмас адабий мероси, унинг халқимиз маънавияти ва маърифатини юксалтиришда тутган ўрни, баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти хусусида тўхталди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг ўзига хос қирралари, ижодий меросининг аҳамиятини алоҳида таъкидлар экан, ўзбек мумтоз адабиётининг мазкур икки забардаст намоёндалари ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшлар онгу шуурига сингдириш масалаларига давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор тўғрисида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида “Ўзметкомбинат” АЖ касаба уюшма қўмитасининг бадиий кутубхонаси аъзолари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари ва рубоийларини ўқиб эшиттирдилар. Шунингдек, маданият саройи хонадалари томонидан Навоий ва Бобур ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқлар ижро этилди. Ёш санъаткорлар томонидан ижро этилган мумтоз куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бахш этиш билан бирга мумтоз адабиётимизга бўлган меҳрни янада оширди десак, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати