[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

09.02.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича қабул қилинган қатор қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар доирасида ўтган 2020 йилнинг январь ва февраль ойлари ҳамда  Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 августдаги йиғилиш қарорига биноан август ойидан бошлаб йил охиригача жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшма ташкилотлари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 64 минг 895 нафардан ортиқ ходим республикамизнинг тарихий шаҳарларига ва ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор масканларга саёҳатга олиб чиқилди. Ушбу тадбирларнинг барчаси коронавирус пандемияси сабабли санитария меъёрларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилди.

Шу жумладан, касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2020 йил давомида 5 минг 626 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари учун Хива ва Самарқанд шаҳарларига бепул саёҳатлар ташкил этилди. Федерация тасарруфидаги “Касаба-сайр” шўъба корхонаси томонидан  1 минг 191 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари учун Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилди. Шунингдек, 2 минг 85 нафар кекса авлод вакиллари, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва эҳтиёжманд оила фарзандларидан 2 минг 305 нафари тарихий шаҳарларга, ўз ҳудудларидаги зиёратгоҳларга саёҳатларга олиб чиқилган бўлса, қарийб 1 минг 400 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва эҳтиёжманд оила фарзандларининг музейлар, ботаника, ҳайвонот ва маданият-истироҳат боғларига ташрифлари ташкил этилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур йўналишлардаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2021 йил январь ойидан бошлаб то 9 февралга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 1 минг 200 нафардан ортиқ турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Хоразм вилоятига бепул саёҳатлар ташкил этилди.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги  “Касаба сайр” шўъба корхонасининг туризм имкониятлари, амалдаги акциялари, саёҳат йўналишлари ва объектлари тўғрисида маълумот берувчи www.turizm.kasaba.uz  расмий веб-сайти фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу веб-сайт орқали Сиз ўзингизни қизиқтирган саёҳат маршрутини тузиб чиқиш ва “Касаба сайр” шўъба корхонасига саёҳат учун буюртма бериш имкониятига эгасиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати