[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

12.02.2021. Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Закон и равноправие Beta Узбекистан” саҳифасида Самарқанд вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош ҳисобчиси Феруза Ахмедованинг мурожаати эълон қилинган эди.

Ушбу мурожаат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Самарқанд шаҳри, Беруний кўчасидаги 44-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Ахмедова томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйича 1211 рақамли ишонч телефони орқали келган мурожаати касаба уюшмалари томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, Ф.Ахмедованинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.

Хусусан, Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан 2020 йилнинг 29 сентябрь куни Самарқанд вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи в.б. М.Ибодуллаев номига Ф.Ахмедовани ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақларини ундириб бериш тўғрисида тақдимнома киритилган. Аммо, иш берувчи 2020 йилнинг 7 октябрь куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига рад жавобини юборган ва фуқаро Ф.Ахмедова ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирган. (Иш берувчининг жавоб хати мавжуд).

Фуқаро Ф.Ахмедова томонидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига киритилган даъво аризасига мувофиқ вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши вакили Ғ.Рустамов суд мажлисларида иштирок этиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинди ҳамда Ф.Ахмедованинг ўз ишига тикланишига амалий ёрдам кўрсатилди. (Суд қарори мавжуд). Натижада Самарқанд вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасининг 2021 йил 27 январдаги 2-шт сонли буйруғи билан фуқаро Ф.Ахмедова илгари эгаллаб келган лавозимига ишга тикланиб, ҳозирда ушбу лавозимда фаолият юритиб келмоқда.

Самарқанд вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сайланиши масаласига келсак, 2019 йил 10 сентябрь куни ўтказилган умумий йиғилишда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши вакили Ғ.Рустамов иштирок этган ва умумий йиғилиш касаба уюшмаларига оид меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўтказилган.

Ф.Ахмедованинг ишга тиклаш муддати иш берувчи томонидан кечиктирилганлиги бўйича норозилиги масаласида шуни маълум қиламизки,  суд қарорларини ижро қилиш ва уни бажармаган шахсларга нисбатан чора кўриш масаласи Мажбурий ижро органлари ваколатига киради, ва фуқаро Ф.Ахмедова суд қарори ижро қилинмаганлиги юзасидан мазкур органга мурожаат қилишга ҳақли.

Касаба уюшмаси раисини ишдан озод қилиш масаласига келсак, касаба уюшма раисини сайлаш ёки уни ишдан озод қилиш масаласи меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ваколатига киради.

Шуни ҳам маълум қиламизки, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 17 декабрдаги ҳал қилув қарорида кўрсатилганидек, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши вакили томонидан судга тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниб, Самарқанд вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси умумий йиғилишининг Ф.Ахмедова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга оид қарори ҳақиқий эмаслиги исботлаб берилган. Бундан ташқари, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг 2020 йил 29 сентябрдаги СР-01/641 сонли хатида ҳам умумий йиғилишда қабул қилинган қарор нотўғрилиги тўғрисида Ф.Ахмедовага ёзма равишда маълум қилинган.

Шу ўринда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Закон и равноправие Beta Узбекистан” саҳифасида “Внимание! Профсоюзам Республики Узбекистан” По данному увольнению есть судебное решение о восстановлении в должности, с покрытием всей суммы ущерба” дея иддао қилаётган саҳифа муаллифига шуни расман маълум қиламизки, Ф.Ахмедовани ўз лавозимига тиклаш ва етказилган зарарни ундириб бериш масаласи бевосита касаба уюшмалари аралашуви билан ҳал этилиб, суднинг тегишли қарори қабул қилинган. Бундан кўриниб турибдики, касаба уюшмалари ўз ваколатлари доирасида ходимларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳам ҳимоя қилиб, ижобий натижаларга эришмоқдалар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати