[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.02.2021. Президентимиз томонидан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, шу жумладан хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёти фаровонлигини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Натижада бугунги кунда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, тақдир тақазоси билан қийин аҳволга тушиб қолган аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар борасида кенг-кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари таркибида “Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси” фаолияти йўлга қўйилиб, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ишлари амалга оширилди. Айни кунда республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики,  Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизимининг йўлга қўйилиши хотин-қизлар муаммолари билан тизимли равишда шуғулланиш ва улар ечимини топиш борасида кенг имкониятлар яратди. Бугунги кунгача Республика комиссияси таркибидаги Ишчи гуруҳлари мамлакат миқёсида 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг натижалари чуқур таҳлил қилинди ҳамда маълумотлар шакллантирилди.

Хусусан, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёллар аниқланиб, уларга жойида амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса “Йўл хариталари” тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан яна бир савобли ва эзгу ишга қўл урилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи, “Аёллар дафтари”га кирган мунис опа-сингилларимиз учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай саёҳатларнинг навбатдагиси куни кеча Тошкент вилоятилик ижтимоий ҳимояталаб аёллар учун ташкил этилди. Хусусан, “Аёллар дафтари”га киритилган 54 нафар аёл Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Хоразм вилояти бўйлаб туристик саёҳатга олиб чиқилди.

Тошкент Жанубий вокзалидан замонавий поездларда йўлга чиққан меҳмонлар Урганч шаҳрида карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Хуш кайфиятда манзилга етиб келган саёҳатчи аёллар йўл чарчоғини сезмадилар ҳам. Улар махсус автобусларда Урганч вокзалидан тўғри “Хоразм палас” меҳмонхонасига олиб борилиб, жойлаштирилди. Барча шароитлар муҳайё этилган шинам меҳмонхона меҳмонлар кайфиятига янада хуш кайфият қўшди.

Хоразмнинг машҳур таомларига бой бўлган тушлик вақтида меҳмонлар нафақат ички туризм, балки гастрономик туризм иштирокчиси ҳам бўлганларини эътироф этдилар. Шундан сўнг Тошкент вилоятилик аёллар дастлаб кўҳна ва ҳамиша навқирон Хива шаҳридаги очиқ осмон остидаги музей номи билан машҳур “Ичан кальа” мажмуасига саёҳат қилдилар. Бу тарихий масканда улар “Кўҳна арк”, 1000 йиллик тарихга эга бўлган Жума масжиди, Оқ Шайх бобо тепалиги,  Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, “Тошҳовли” саройи, Қозихона, Маориф музейи билан яқиндан танишиб, мазкур тарихий обидалар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Кун бўйи амалга оширилган саёҳат таассуротлари тўғрисидаги суҳбатлар кечки маданий дастурга уланиб кетди. Маданий дастур давомида меҳмонларга Хоразмнинг хушовоз хонанда-ю созандалари хизмат кўрсатдилар. Шўх-шодон қўшиқларга мос равишда ижро этилган рақслар меҳмонларга янада хуш кайфият бахш этди.

Саёҳатнинг иккинчи куни Тошкент вилоятилик аёллар Ниёз Муҳаммад Охунбобо Жомъе масжиди ва Жалолиддин Мангуберди мажмуасига ташриф буюриб, шонли тарихимизга оид маъумотлар билан танишдилар.

Саёҳатнинг навбатдаги манзили “Улли ҳовли” туристик мажмуаси бўлди.

Юқори савияда ташкил этилган туристик саёҳатларнинг ҳар бир манзили меҳмонларда катта таассуротлар уйғотиш билан бирга, миллий маданий меросимизга бўлган қмзиқишларини ҳам оширди. Энг муҳими, ҳар бир саёҳатчи аёл мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ижтимоий ҳимояталаб хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан боши осмонга етиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортган ҳолда ўз уйларига қайтдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари