[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.02.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия Қўмитасининг 2021 йил 8 январдаги “Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида”ги 2-05 “с” сонли қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланган жорий йилда туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар Дастури асосида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳатлар ташкил этиш режа-тақсимотига биноан саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли соҳа вакилларини юртимиздаги тарихий манзиллар билан таништириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлашга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Вилоятимиз иқтисодиётининг турли соҳаларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари, туманларда истиқомат қилувчи “Аёллар дафтарга” киритилган оила вакилларининг бир гуруҳи касаба уюшмалари кўмагида жорий йилнинг 20-21 феврал кунлари Хоразм вилоятида туризм саёҳатида бўлишди.

Сайёҳлар Хива шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий объектлари ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Қадимий Хиванинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих нафасини ҳис қилиб, катта таассуротга эга бўлдилар

Хусусан, қадимий Хивадаги ичан қаъла меъморий ёдгорлиги, Паҳлавон Маҳмуд ёдгорлиги, халқимизнинг шонли фарзанди Жалолиддин Мангубердига ўрнатилган ёдгорлик мажмуалари билан танишдилар.

Хоразм саёҳатидан катта мамнуният билан қайтдик. Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган уч кунлик бепул саёҳат таассуротлари бир умр ёдимизда қолади, – дейди “Аёллар дафтар”га киритилган Қўшробот туманида истиқомат қилувчи Зубайда Ғаффорова. – Ижтимоий аҳволимиз давлатимиз кўмагида яхшиланмоқда. Энг муҳими иш билан таъминланиб, оиламиз фаровонлигига ҳисса қўшиш имконияти пайдо бўлмоқда.

Феруз Раззақов

Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири