[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.03.2021. Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бу орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилган. Охирги йилларда бу борада тизимли ишлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.

Ушбу Фармондан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, оммавий спорт турларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш гимнастикасини йўлга қўйиш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Албатта, мазкур жараёнларда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўрни алоҳида. Зеро, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган бошланғич касаба уюшма қўмиталари ушбу хайрли ишларда бош-қош бўлмоқдалар.

Ана шундай бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан бири “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали касаба уюшма қўмитасидир. Куни кеча “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ҳамкорлигида ходимлар учун филиалнинг ўзида янги спорт зали ташкил этилиб, зарур спорт жиҳозлари, тренажёрлар билан таъминлаб берилди. Янги спорт залининг тантанали очилиш маросимидан сўнг филиал ҳамда ҳар бир туман газ корхоналари меҳнаткашлари ўртасида “Худудгаз Пойтахт кубоги” учун спорт мусобақалари ўтказилди.

Эркаклар ва аёллар ўртасида стол тенниси, шахмат ва шашка, оғир атлетика, штанга кўтариш ва арқон тортиш спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақалар қизғин ва кўтарикни руҳда бўлиб ўтди.

– Ушбу мусобақаларни ташкил этишимиздан мақсад энг аввало ходимларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантиришдир, – дейди “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Муяссар Алимходжаева. – Мусобақаларни бошқариб бориш учун мутахассисларни Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети кафедраларидан таклиф этдик. Шу куни ходимларимиз кайфияти жуда юқори бўлди. Албатта, спорт мусобақалари нафақат саломатликни мустаҳкамлаш ва моғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга, балки иш унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Шу боис бу каби мусобақаларни кўпроқ уюштиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

– Мусобақалар давомида барча иштирокчилар юқори кайфиятда бўлиб, шижоат кўрсатдилар. Шундан ҳам кўриниб турибдики спорт тадбирларига улар пухта тайёргарлик кўрганлар ва албатта катта қизиқиш билан иштирок этдилар. Бу ҳол бизни ҳам жуда қувонтирди, – дейди “Ҳудудгаз пойтахт” газ таъминоти филиали директори Рустам Азимов. – Ходимлар ижтимоий ҳимояси ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган бу каби тадбирларда албатта касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликни бунданда кучайтирамиз.

Ҳақиқатдан ҳам ҳаракат ҳаёт асосидир. Спорт мусобақаларида ўзаро куч синашган ходимларнинг мақсади ҳам фақатгина ғолиб бўлиш эмас, балки дўстона беллашиб, ҳамжиҳатликни ошириш бўлди. Шу боис ҳар бир жамо аъзолари барча мусобақалар давомида бир-бирларини изчил қўллаб-қувватлаб турдилар.

Қизғин баҳслар асносида кечган мусобақаларда ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланган ғолиб ва совриндорлар “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали касаба уюшма қўмитаси дипломи, медаллар ва совғалар билан тақдирландилар. Хусусан, стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақаларда биринчилик Ер ости газ қувурлари хизмати ходими Умид Хасановга, аёллар мусобақаларида эса “Яккасарой тумангаз” бўлими ходими Ирода Абдукаримовага насиб этди. Ақл гимнастикаси бўлган шахмат мусобақасида “Бектеир тумангаз” бўлими ходими Зафар Асадов, шашка беллашувларида “Мирзо Улуғбек тумангаз” бўлими мутахассиси Наврўз Сафиев ва “Яккасарой тумангаз” бўлими ходими Малохат Шукурова, штанга кўтаришда эса “Чилонзор тумангаз” бўлими ходими Раҳматилла Тошбоев биринчи ўринни эгалладилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати