1503.2021. Глобал дунёда рақобатлашиш уммонда сузишдек гап. Чўкиб кетмаслик учун куч, шиддат ва маҳорат талаб қилинади. Худди шу каби бугунги кунда ҳар қайси мамлакат, аввало, инсон капиталини юксалтиришга, яъни миллатнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан иборат, тенг ярмини эса аёллар ташкил қилади. Экспертлар таҳлилига кўра, 2048 йилга бориб юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони тарихий пик даражасига етади. Натижада мамлакат қимматбаҳо демографик дивидентни қўлга киритиши мумкин. Ҳамма гап бу уникал имкониятдан нечоғлиқ унумли фойдалана олишимизда.
Демографик дивидент иқтисодий фойда кўринишида ўзимизга қайтиши учун аҳолининг асосий таркиби – ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш айни муддао. Бошқача айтганда, ҳукумат инсон капиталига катта ҳажмда инвестиция киритиши зарур. Бу келажакда нафақат иқтисодиётни юксалтириш, балки ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш — камбағаллик ва салоҳиятли кадрлар миграциясини қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш имконини беради.
Инсон капиталини ривожлантириш – бир кунлик иш эмас. Мазкур миссия комплекс ёндашув ҳамда узоқ муддатли, муҳими, аниқ йўналтирилган чора-тадбирларни талаб қилади. Бу борада тайёр ечимлар йўқ. Ҳар қайси мамлакат ўз йўли ва йўналишини мустақил тарзда белгилаб олмоғи даркор. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда Ўзбекистонда ёшлар ва аёллар билан манзилли ишлаш механизми жорий қилинмоқда.
Янги тизимни яратиш ташаббусини Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 8 октябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида илгари сурганди. Унга кўра, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммолари маҳаллалар кесимида ўрганилиб, тизимли ҳал қилиниши керак. Барча маълумотлар “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”, деб номланувчи махсус идоралараро электрон базаларда жамланиб, таҳлил қилинади ва назоратга олинади.
“Темир дафтар” моҳиятан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини камбағалликдан чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар комплексини ифода этади. Бошқача айтганда, давлат камбағал қатламни ўз қарамоғига олмоқда. Бу эса ёшлар ва аёллар тақдири учун масъулият ҳамда жавобгарлик тўлиқ давлатнинг гарданида эканидан далолат беради. Тан олиб айтиш керак, бундай улкан вазифани дунёнинг ҳали ҳеч бир мамлакати бўйнига олган эмас. Демак, Ўзбекистон тажрибасини том маънода уникал дейишга ҳақлимиз.
Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлигининг масъул ходимлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан 28 та туман ва шаҳар маҳаллаларида ўрганишлар олиб борилди. Аёллар истиқомат қилаётган биронта ҳам хонадон эътибордан четда қолдирилгани йўқ. Декабрь ойида лойиҳа мамлакат миқёсида оммалашди. Амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида республика штаби фаолияти йўлга қўйилган.
Мутасадди идораларнинг умумий саъй-ҳаракати билан шу кунга қадар республика бўйича 30 ёшдан юқори бўлган жами 6,5 миллионга яқин хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг 6,8 фоизи “Аёллар дафтари”га киритилди.
“Аёллар дафтари”да қайд этилганларнинг 59 фоизини ишсиз, 8,5 фоизини боқувчисини йўқотган, 6,7 фоизини ижтимоий ҳимояга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бор аёллар ташкил қилади. Бундан ташқари, 5,4 фоизи ҳуқуқий ёрдамга, 1 фоизи уй-жойини таъмирлашга муҳтож экани, 2,1 фоизи нотурар жойларда истиқомат қилаётгани, 1,9 фоизи бир ва ундан ортиқ ногирон фарзандни ёлғиз тарбиялаётгани аниқланган. Шунингдек, ҳозирги кунда 44 минг нафардан зиёд опа-синглимиз тиббий ҳимояга муҳтож, 36 минг 394 нафари эса касб-ҳунар ўрганиш илинжида. Қолаверса, хотин-қизларининг 27,6 фоизи тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки ривожлантириш истагида кредит олишда ёрдам сўраган. Таъкидлаш жоизки, аёлларнинг умумий салмоғига қараганда бу рақам дарёдан томчи, холос. Республикада тадбиркор аёллар улушини янада ошириш, улар учун қулай бизнес муҳитини яратиш жойлардаги раҳбарларнинг бирламчи вазифасига айланмоғи даркор. Зеро, бу йўлдаги ишончли қадамлар пировард натижада халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Аччиқ бўлса ҳам, тўғрисини тан олиб айтишимиз керак: бу ўрганишларимиз натижасида биринчи марта жойлардаги ҳақиқий аҳвол юзага чиқди. Шулар асосида “Аёллар дафтари” шакллантирилмоқда, хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топилмоқда”, — деди давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 29 декабрь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида.
“Аёллар дафтари” шунчаки расмиятчилик ёки хўжакўрсинлик учун қилинаётган иш эмас. Мазкур тизим негизида муаммоларни яшириш эмас, балки, аксинча, мажуд камчиликларни рўй-рост тан олиш ва бартараф этиш истаги ётибди. Бунинг учун эса, аввало, ҳақиқатга тик қарай олиш керак. Президент ўзидан ҳам, бошқа раҳбарлардан ҳам мана шуни талаб қилмоқда.
Хўш, “Аёллар дафтари” қай тартбида юритилади? Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январда қабул қилинган “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йилда анкета-сўровнома шаклида уйма-уй юриб ўрганилади. Олинган маълумотлар уч кун мобайнида респондентларнинг шахсий индивидуал анкеталарида акс эттирилиши шарт.
Индивидуал анкета бир кун муддатда кўриб чиқилади. Сўнгра ундаги маълумотлар идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилиб, аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.
“Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси узоғи билан етти кун ичида Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига тақдим этилиши керак.
Маҳаллий депутатлар томонидан тасдиқланган рўйхатлар “Маҳалла” ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда аёлларга вақтинчалик тартибда муайян хизмат турлари кўрсатилади.
Жумладан, ҳукумат қарорида қайд этилганидек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар Халқ банкидан базавий ҳисоблаш суммасининг 150 баравари (33 миллион 450 минг сўм)гача миқдорда кредит олиши мумкин. Кредит 6 ойгача имтиёзли давр билан уч йилдан кўп бўлмаган муддатга тақдим этилади.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт баравари (446 минг сўмдан 892 минг сўм)гача миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилади.
Яна бир енгиллик. Янги тизим асосида юртимизда илк бор эҳтиёжманд аёлларга тураржой учун ижара пулини давлат томонидан компенсациялаш амалиёти жорий қилинмоқда. Ижара шартномаси 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилиб, ижара ҳақи хонадон эгасига тўғридан-тўғри тўлаб берилади.
Хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилгач, улар “Аёллар дафтари”дан чиқарилади. Бу ҳақда фуқаро туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан беш кун ичида ёзма равишда хабардор қилиниши керак.
Юртимизда ёшлар муаммоларини тизимли ҳал қилишга ҳам бўлакча эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юзасидан ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишини Шавкат Мирзиёев анча танқидий руҳда олиб борди. Чунки вазият хавотирли тус олган. Салмоқ жиҳатдан тобора ортиб бораётган ёшларни нафақат ўқитиш, тарбиялаш, ёт ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш, балки бандлигини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Акс ҳолда, ишсизлик юки давлат ва жамият учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, ишсизлар сонини қисқартирмасдан туриб камбағалликка қарши курашиб бўлмайди.
Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, иқтисодий фаоллиги энг юқори бўлган Тошкент шаҳрининг ўзида 26 минг ёш ишсиз. Ваҳоланки, пойтахтда 77 мингта иш ўрни бўш, шундан ярмидан кўпига олий маълумот талаб қилинмайди. Ҳозирча миллий иқтисодиётимиз иш ўринларига бўлган эҳтиёжни қисман қондира оляпти, холос. Барча ҳудудларда завод ва фабрикалар қуриб беришнинг иложи йўқ. Бунга катта сармоя керак. Иқтисодиётнинг виртуал сектори, айтайлик, инновацияларни ривожлантириш ҳам озмунча куч, вақт ва маблағни талаб қилмайди. Шу боис давлат аҳолига тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятини яратиб бермоқда. Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш масадида 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси тузилди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш амалиёти йўлга қўйилган.
27 январдаги видиоселектор йиғилишида Президент бундай оқилона сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берди.
Маълумки, юртимиз аҳолисининг ярми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Қишлоқ аҳлини эса ер боқади. Мана шундай мантиққа асосланиб, бир неча йил аввал Ўзбекистонда “Ҳар бир ёшга 1 гектар” лойиҳасига старт берилганди. Ғоя яхши, аммо унинг амалдаги ижроси жуда суст. “Ўтган йили бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер берилган, холос”, — деди Шавкат Мирзиёев. Бундан чиқди қўйилган маррага яқин ҳам келингани йўқ. Шу сабабли Президент ҳукумат олдига аниқ вазифа қўйди – эндиликда жойларда ҳар 10 гектар экин майдонидан 1 гектари ёшларга деҳқончилик учун ажратилиши шарт. Шунингдек, ўз томорқасида лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилиш истагини билдирган йигит-қизларга кредит ажратиш тартиби жорий қилинади.
Дарвоқе, юртимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ҳам маҳкам бел боғланган. Президент Мурожаатномасида қайд этилганидек, 2021 йилда аёлларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Ўзбекистон раҳбариятининг арсеналида истиқболга йўналтирилган амалий ташаббуслар бисёр. Уларнинг асосий қисми ёш авлод ҳамда шу авлодни дунёга келтирган мўътабар аёлларимиз тақдири билан чамбарчас боғлиқлиги кишини беҳад қувонтиради. Ишонамизки, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган улкан саъй-ҳаракатлар бесамар кетмайди. Илло, буюк зотларга бешик бўлган юрт дунё узра юксалишга лойиқдир.
Наргиза УМАРОВА,
журналист