17.03.2021. Шу кунларда мамлакат миқёсида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари қизғин бормоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари мутасаддилари ҳудудларда иш олиб бормоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурод Собиров Хоразм вилоятида ишларнинг боришини ўрганиш асносида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда кўплаб муаммоларни жойида ҳал этиш тадбирларини амалга оширмоқдалар.
Ҳар бир хотин-қиз бир олам. Янгибозор туманидаги Паҳлавон Маҳмуд номли маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган Сабохат Бобожонова истиқомат қилади. Президентимиз ташаббуслари билан йўлга қўйилган мазкур янги тизим С.Бобожонованинг маълум миқдорда банк кредити олиб, уй боғча очиши учун катта имкониятларни яратиб берди. Шунингдек, у “Аёллар дафтари”га киритилган Аҳмедова Райхонни иш билан таъминлади.
Ижтимоий кўмакка муҳтож опа-сингилларимиздан яна бири – Сабоҳат Ражабовага 0.2 га экин ер майдони ажратиб берилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Худди шундай хотин-қизлардан бири Умида Султонова Агро банкга маиший техника олиш мақсадида кредит олиш учун ҳужжат топширганини маълум қилди. Ишчи гуруҳдан унинг ушбу мақсади амалга ошишига кўмаклашишини сўради. Гулшода Рўзимова эса банк кредити орқали тикув машиналари ҳарид қилиб, ўзини ўзи иш билан банд қилганини мамнуният билан билдирар экан, ҳозирги кунда икки нафар шогирдига ҳам тикувчилик касби сирларини ўргатаётганини тўлқинланиб гапирди.
Ишчи гуруҳи хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиш мақсадида Янгибозор туманидаги секторлар ва мутасадди ташкилот раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳар бир хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, кредит ажратиш бўйича сектор раҳбарларининг қисқача ахборотлари тингланди. Белгиланган вазифалар ижросининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича кўсатмалар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Шундан сўнг Республика ишчи гуруҳи Урганч туманида “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар бандлигини таьминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Боқайлар махалласида бўлди. Ушбу маҳаллада “Аёллар дафтари”га киритилган З.Полвонова 30 млн кредит эвазига 2 та қорамол олиб оила даромадига ўз хиссасини қўшаётгани, Д.Оллаберганова ва Г.Эгамовалар 2 сотих ерда иссиқхоналар ташкил қилиб, иш фаолиятини бошлашгани билан танишишди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга мухтож Г.Ваисова “Урганч Авто Эко Транс” МЧЖга ишга жойлаштирилди.
Шовот туманида хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган учрашувда асосий масала – “Аёллар дафтарига” киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳар бир хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, томорқа ерларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш, кредит ажратиш борасида натижадорликка эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар бўйича сектор раҳбарларининг қисқача ахборотлари тингланди. Белгиланган вазифалар ижросининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича кўсатмалар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати