29.04.2021. Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан хотин-қизлар масалалари бўйича жорий этилган янги тизим, яъни “Аёллар дафтари” бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилмоқда. Худди шу мақсадда Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида тузилган Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси ҳудудларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ҳаққонийлигини ўрганиш баробарида, қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш чораларини ҳам кўрмоқда.
Хусусан, Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков жорий йилнинг 11 март куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бўлиб, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишиш мақсадида уларнинг хонадонларида бўлиб, очиқ мулоқотлар ўтказган эди.
Ана шундай мулоқотлардан бири Олтинсой туманидаги “Шакарқамиш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган Насиба Атамуратова билан бўлиб ўтган эди. Турмуш ўртоғи мавсумий ишчи бўлган Насиба Атамуратова 2 нафар фарзанд туғма ногирон фарзандни вояга етказаётгани, ўзи фарзандлар парвариши билан банд бўлгани учун ҳеч қаерда ишламаслиги, турмуш ўртоғи топаётган маблағ оила таъминотига етмаётгани боис ушбу оилага газ плитаси ва газ баллони, телевизор, тикув машинаси ва моддий маблағ тақдим этилиб, амалий ёрдам кўрсатилган эди. Шу билан бирга касаба мазкур хонадонни таъмирлаб бериш ишларини ўз зиммаларига олган эдилар.
Шундан сўнг зудлик билан ушбу хонадонда қурилиш таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Зарур қурилиш материаллари, керакли маҳсулотлар олиб келиниб, катта кўламдаги қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мазкур хонадон бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Шинам ва ёруғ хоналар, ётоқхона, ошхона, тикувчилик хонаси барпо этилиб, улурнинг барчаси замонавий мебеллар, ётоқ ва ошхона анжомлари билан жиҳозланди. Барча хоналарга гиламлар тўшаб берилди. Ҳовли саҳнида ҳам ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, йўл ва йўлаклар асфальтланди, дарахтларга шакл берилиб, оқлаб чиқилди.
Бугун замонавий уйга кўчиб кирган хонадон эгаларининг қувончи чексиз.
– Биз каби ҳаётда қийинчиликларга дуч келиб, ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга кўрсатаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлари учун Президентимизга беҳад миннатдорчилигимни билдираман, – дейди қувонч кўз ёшларини яшира олмай Насиба Атамуратова. – Хонадонимга пойтахтдан келган Республика комиссияси шароитимни ўрганди. Шу заҳотиёқ менга ёрдам кўрсатилди, ишлар тезлашиб кетди. Уйимизни ҳамма ҳавас қиладиган даражада қайта қуриб бериш билан бирга ҳамма керакли жиҳозлар билан ҳам таъминладилар. Бу уй фарзандларимга Президентимиздан совға эканлигини айтишганда бошим кўкларга етди. Менга тикув машинаси берилгани ортидан эса бугунги кунда тикувчилик ҳунарим орқали уйда даромад топиш имконияти туғилди. Ҳаётга, яшашга бўлган қарашларим ўзгариб, эртанги кунга ишонч пайдо бўлди.
Насиба Атамуратова уй-жойининг таъмирдан аввалги ҳолати
Насиба Атамуратова уй-жойининг таъмирдан кейинги ҳолати
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари