[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

14.06.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Токио-2021” олимпиада ўйинларига лицензияни қўлга киритган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси спортчиларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарлари, Тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари, Федерациянинг ҳудудий Кенгашлари ва тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, касаба уюшмалари спортчилари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, “Токио-2021” олимпиадасига лицензияни қўлга киритишга муваффақ бўлган спортчилар орасида Касаба уюшмалари Федерациясининг бир гуруҳ спортчилари ҳам бор.  

– Хабарингиз бор, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда  профессионал спортчиларни тайёрлаш бўйича узлуксиз тизим яратилди, – дея таъкидлади йиғилишда жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Умумтаълим мактаблари ва болалар спорт мажмуаларида кўзга ташланган қобилиятли ўғил-қизлар махсус спорт муассасаларига жалб этилиб, профессионал ёндашувлар асосида тарбияланмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз спортчилари жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида юксак ғалабаларни қўлга киритиб, ўзбек спорти салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқдалар. Сўнги 5 йил ичида спорт соҳасида тарихий натижаларнинг қўлга киритилгани фикримиз далилидир. Хусусан, Польшада бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Нигина Ўктамова ғалаба қозониб, ўзбек боксчи қизлари орасида илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Ўзбекистонлик альпинист Сергей Денисенко Ер сайёрасининг энг баланд чўққисини (8 минг 848 метр Эверест – Жамалунгма) забт этиб, Ер сайёрасининг энг баланд нуқтасида Ўзбекистон байроғини кўтарди. Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида эса саксонга яқин двлатлар орасида терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Хамюртларимиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, АҚШ, Куба, Россия, Қозоғистон, Англия, Ҳиндистон каби бокс бўйича етакчи давлатлар вакилларини ортда қолдирдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги 5 йилда спорт соҳасида эришилган натижаларга назар ташласак, юртимиз спортчилари 2018 йилги Осиё ўйинларида жами 70 та, жумладан, 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладилар. 2019 йилда эса халқаро мусобақаларда жами 442 та, жумладан 145 та олтин, 134 та кумуш ва 163 та бронза медали қўлга киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз спортчиларини Токио XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги Фармонига асосан Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси ҳамда спорт мактабларининг ташкил этилгани айни муддао бўлди. Бугунги кунда ушбу масканларда спортнинг оғир атлетика, юнон-рум кураши, эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш ва бокс турлари бўйича бўлимлар очилган бўлиб, малакали мураббийлар бошчилигида 200 нафардан зиёд болалар спорт билан шуғулланмоқдалар.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” спорт мажмуасида халқаро талабларга жавоб берувчи сув спорти саройи, бир нечта спорт турларига мослаштирилган спорт зали қурилмоқда. Наманган шаҳрида халқаро стандартлар асосида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган “Океан” сув спорти саройида эса спортнинг 3 та тури, хусусан, синхрон сузиш, сузиш ва слаломда эшкак эшиш турлари бўйича мураббийлар бошчилигида 120 нафар бола шуғулланмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси спортчилари ўтган давр мобайнида Осиё ва жаҳон мусобақаларида қатнашиб 31 та олтин, 30 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритдилар.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган тантанали тадбирда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиа ўйинларида иштирок этиш учун      7 та лицензияни, шу жумладан 3 та оғир атлетика, 2 та эшкак эшиш ва 2 та слаломда эшкак эшиш спорт турлари бўйича лицензияларни қўлга киритган касаба уюшма спортчилари ҳамда уларнинг мураббийлари муносиб рағбатлантирилди.

Хусусан, юксак натижаларни қўлга киритган спортчилар ва уларнинг мураббийларига Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пул мукофотлари топширилиб, Олимпия ўйинлари натижаларига кўра яна қўшимча рағбатлантириш тадбирлари ҳам кўзда тутилгани қайд этилди. Жумладан, оғир атлетика спорт тури бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон ва Осиё чемпиони Акбар Жўраев, халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон чемпиони Муаттар Набиева, халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон ва Осиё чемпиони Кумуш Файзуллаева, академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпиони, спорт устаси Собиржон Сафаралиев, енгил атлетика спорт тури бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё чемпиони Суҳроб Ходжаев, жаҳон чемпиони, икки карра олтин медал соҳиби, спорт устаси Муҳаммадқодир Тоштемиров ва Турсуной Жабборова Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мукофотландилар. Шунингдек, оғир атлетика бўйича мураббий Фарҳод Мирзажонов, оғир атлетика бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Анварбек Ҳолиқов, енгил атлетика бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Шамиль Капкаев, Академик эшкак эшиш бўйича мураббий Артём Кудряшовга ҳам пул мукофотлари топширилди.

Бундай рағбатдан кўзланган асосий мақсад – спортчиларимизнинг Олимпиадада юртимиз байроғини бунданда баланд кўтаришлари ва энг олий совринларни қўлга киритишларига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшишдир.

Касаба уюшмалари Федерацияси спортчиларини тақдирлаш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, “Токио-2021” олимпиадасига лицензияни қўлга киритган спортчилар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан профессионал ва оммавий спортни ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида таъкидладилар.

 

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари