[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.06.2021.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2021 йил 8 февралдаги “Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун юртимизнинг тарихий шаҳарлари, зиёратгоҳларига саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остидаги тадбирлар доирасида тармоқ тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлари Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.

Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган. Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки Самарқанд ҳали хануз одамларни ўзига оҳанграбодек жалб қилиб келмоқда.

Саёҳат давомида соҳа ходимлари навқирон Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.

– Самарқанд шаҳрига саёҳатдан чексиз таассуротлар билан қайтдик, – дейди, Ангрен технология техникуми ўқитувчиси Назокат Абдуллаева. – Неча йиллардан бери Самарқандга боришни ният қилиб юрардим. Орзуим амалга ошди. Биз каби оддий ходимларга қаратилаётган эътибордан жуда ҳам мамнунмиз. Саёҳатимиз Мирзо Улуғбек расадхонаси зиёрати билан бошланиб, Хўжа Дониёр, Бибихоним, Амир Темур, Шоҳи зинда, Ислом Каримов мақбаралари, Регистон майдони билан давом этар экан мазкур тарихий обидалар, улардаги нақшинкор безаклар, ганчкорлик намуналари ота-боболаримизнинг илм-фан тараққиётидаги қудрати ва донишмандлиги, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигига яна бир бор амин бўлдик.

Саёҳатчилар шунингдек, Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилар эканлар, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик буюклигига, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада оширганлигига гувоҳ бўлдилар. Асосийси, тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканликларидан фахрландилар.

Шаҳина ЖЎРАЕВА,

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассиси