27.06.2021 й. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида бир гуруҳ соҳа ходимларини тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Тантанали тадбирни Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
– Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунлариданоқ матбуотга, оммавий ахборот воситаларига кенг имкониятлар яратиш, сўз эркинлигини таъминлаш масалаларини устувор вазифалардан бири этиб эълон қилган эдилар, – дея таъкидлади Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Ушбу давр мабойнида, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрами кенг нишонланиб, соҳа ходимларининг меҳнати муносиб тақдирлаб келинмоқда. Бунга, куни-кеча Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармон яққол мисолдир. Сўнгги йилларда мамлакактимизда юз бераётган улкан ўзгаришлар, қабул қилинаётган ҳар бир қарор, қолаверса барча бўғиндаги раҳбарларнинг фаолияти Сиз журналистларнинг доимий эътиборингиз марказида бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз нашрларида чуқур таҳлилга асосланган, таҳлилий ва танқидий материалларнинг кўпайгани жамият ривожига хизмат қилмоқда.
Тантанали тадбирда иштирок этган журналистлар, телеоператорлар, соҳада меҳнат қилаётган техник ходимлар ва блогерларга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мукофотлар топширилди.
Шундан сўнг фахрий журналист Шароф Убайдуллаев, “Дунё ўзбеклари” сайти раҳбари, таниқли журналист Исмат Хушев, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асаджон Ходжаев, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов, Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдсуаид Кўчимов сўз олиб, мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилаётган юксак эътибор, қалам аҳлининг эркин ижод қилиши учун яратилаётган имкониятлар, замирида инсон манфаатларини таъминлаш мақсади мужассам бўлган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда журналистларнинг тутган ўрни хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир ташкилотчилари журналистларга юртимиз равнақи, Ватанимизнинг ёруғ келажаги йўлидаги ишларида улкан омадлар тиладилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати