30.06.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари! Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида қатор тадбирлар ташкил қилинди. Хусусан, турли тармоқлар тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган, илғор, ташаббускор ёшлардан бир гуруҳининг Хива шаҳри бўйлаб саёҳати уюштирилди.
Саёҳат давомида ёшлар Ичан қалъадаги музейлар, ноёб экспонатлар билан танишдилар. Жумладан, Муҳаммад Аминхон мадарасаси ҳақидаги ҳикоя кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
– Ичан қалъани айланар эканмиз Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурдирилган мадраса эканлиги, мазкур 2 қаватли мадраса пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, деворларининг қалинлиги 1,5 метрга етиши, тарихий маълумотларга асосан 130 ҳужрадан иборат бўлган ушбу масканда бир вақтнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олгани тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдик, – деди Урганч шахридаги 11-сонли мактабнинг ёшлар етакчиси Дилфуза Яқубова. – Гарчи бу ерга бир неча бор ташриф буюрган бўлсак-да, ҳар сафар янги таассуротларга эга бўламиз. Бу сафар ҳам Ичан қалъа ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлдик.
Саёҳатдан сўнг Хивадаги қадимий иморатлардан бири – Қибла тоза боғ мажмуасида бир пиёла чой устида ёшларнинг самимий мулоқоти давом этди. Турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшлар ўз таассуротларини ўртоқлашиш баробарида, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга яратилаётгани кенг имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўзлари фаолият олиб бораётган соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшиш борасидаги режаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси