01.06.2021. Бугунги кунда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этмоқда.
Мазкур жараён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштириб борилиши билан бирга, болажонларнинг мароқли ва мазмунли ҳордиқ чиқариши, соғломлаштириш оромгоҳларини мунтазам равишда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ўғил-қизларнинг оромгоҳларда жисмоний соғломлаштирилиши билан бир қаторда маънавиятини юксалтириш масалалари Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг доимий диққат марказидадир. Ушбу йўналишлардаги ишларнинг қай даражада ташкил этилаётгани, олиб борилаётган ишлар сифати ва даражаси Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг 2021 йил 19 майдаги 1-сонли мажлис баёни 43-пунктига асосан, Касаба уюшмалари Федерациясида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолиятида бир қатор камчиликлар аниқланди. Ушбу камчиликлар зудлик билан жойида бартараф этилди. Оромгоҳ раҳбари ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди.
Бугунги кунда “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳига янги раҳбар этиб Маҳмудов Алишер Неъматович тайинланди.
Айни кунда оромгоҳ фаолияти бир маромда давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси