[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.07.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида касаба уюшма фаолларининг  кенгайтирилган онлайн Давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро конференцияда сўзлаган “Тарихий ва цивилизациявий муштараклик, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари фаровон кележакни бунёд этишда мустахкам замин яратиш” мавзуидаги нутқидан келиб чиқадиган касаба уюшмалари олдида турган вазифалар хусусида сўз борди.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган онлайн Давра суҳбатида бир қатор давлат ва жамоат арбоблари, хусусан, Марказий студиядан – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзоси, академик Акмал Саидов, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Қаландар Абдураҳманов, шунингдек, касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, бўлим мудирлари, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашлари раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Федерация тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан – Самарқанд Давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Сенатор Рустам Халмурадов, “Нуроний” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими раиси, Сенатор Икромхон Нажмиддинов, Термиз Давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Авазжон Мараҳимов, Федерациянинг Қорақалпоғистон ва вилоятлар кенгашлари раислари, уларнинг ўринбосарлари, бўлим мудирлари, масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмасининг ҳудуд бўйича масъул ташкилотчилари, туман (шаҳар) кенгашлари ва йирик бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари, касаба уюшма фаоллари ва Федерация тасарруфидаги санаторийлар директорлари иштирок этдилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида ўтказилган тарихий Халқаро конференциядаги Юртбошимизнинг дастурамал нутқи, унда олға сурилган манзилли ва мақсадли ташаббуслари нафақат Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиши билан бирга жуда юқори баҳоланмоқда, нуфузли экспертлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, ижобий муносабатлар билдирилмоқд, – дея таъкидлади онлайн Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Икки йирик минтақа ва жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган тарихий Тошкент конференцияси якунлари ва натижаларига мамлакатимизда энг йирик жамоат бирлашмаси ҳисобланган, кўп миллионли аъзолари бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам ўз муносабатларини билдириши табиийдир. Тарихий Тошкент конференциясининг бевосита  иштирокчиси сифатида мен ўзимнинг дастлабки таъсурротларимни баён этмоқчиман. Мазкур конференция ишида 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ҳамда таҳлил марказлари раҳбарлари, жами 600 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Ушбу рақамлар Юртбошимиз ташаббусига, Ўзбекистоннинг ташаббускор ва креатив ташқи сиёсатига бўлган ишонч ва ҳурматнинг яққол намунасидир.

Барчамизга маълумки, Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ва савдо йўллари орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган.

Тошкент конференциясининг тарихий аҳамияти ҳам айнан шу азалий ҳамкорлик ва қадриятларни қайта тиклаш ҳамда ривожлантиришга қаратилганлигида деб хулоса қилиш мумкин.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, тарихий, иқтисодий, савдо, илмий, маънавий ва диний алоқаларнинг икки минтақа мамлакатлари учун нақадар аҳамиятли эканлиги Президентимизнинг нутқида ишончли рақамлар, хариталар ва расмлар билан очиб берилди. Хусусан, Президентимиз маърузаларида Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий ўзаро боғлиқлик ва яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорлик асосида тиклаш ва мустаҳкамлашнинг асосий мақсади ҳамда 10 та устувор йўналишлари асослаб берилди.

Минтақавий ўзаро боғлиқнинг мақсадлари сифатида: савдо-иқтисодий ва  транспорт-логистика, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология, “яшил” иқтисодиёт, илмий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш, илм-фан, технология ва инновация масалалари илгари сурилди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар эътиборига Президентимизнинг Тошкент конференциясидаги нутқи яна бир бора ҳавола этилди.

Шундан сўнг йиғилганлар тинчлик ва хавфсизлик, яқин қўшничилик ва ишончнинг мустаҳкамланиши, минтақалараро ҳамкорликнинг ривожланиши, очиқ ва амалий сиёсатнинг йўлга қўйилиши Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг манфаатига тўғри келишини алоҳида таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзоси, академик Акмал Саидов, Самарқанд Давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Сенатор Рустам Халмуродов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари  –  Федерациянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Сенатор Улуғбек Жалменов, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик Қаландар Абдураҳманов, “Нуроний” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими раиси, Сенатор Икромхон Нажмиддинов, “Турон” санаторийси директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, олий тоифали шифокор  Надежда Суворова, Термиз Давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Авазжон Мараҳимов сўзга чиқиб, Тошкент конференцияси ва Президентимиз маърузалари юзасидан таҳлилий фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Давра суҳбатида Тошкент конференциясидан сўнг касаба уюшма фаоллари томонидан кўплаб таклифлар билдирилаётгани алоҳида таъкидланди. Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков томонидан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Форумини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Ушбу Анжуманни Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

Онлайн тарздаги видеоселектор йиғилиши сўнгида сўзга чиққанлар ҳамда касаба уюшма фаолларининг таклифлари асосида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” шароитида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўп миллионли аъзолар ва мамлакатимиз аҳолисига Мурожаати” қабул қилинди. Йиғилиш иштирокчиларига ушбу Мурожаат лойиҳаси ўқиб эшиттирилди.

Мазкур Мурожаат лойиҳасида Президентимизнинг Тошкент конференциясидаги тарихий нутқидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари олдида турган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Мурожаатда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си барча юртдошлар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, аёллар ва ёшларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган  ташаббусларни қўллаб-қувватлашга, яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олишга ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларда фаол бўлишга чақирган. Бугун Жонажон Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди, энг аввало, ҳамон давом этаётган ва ҳаётимизга хавф солиб турган коронавирусга қарши курашиш ва унинг турмушимизга салбий таъсирини камайтириш учун шахсий жавобгарлигини тўла ҳис қилиши зарурлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, пандемия таҳдиди хавф солиб турган бугунги шароитда иш ўринларини сақлаб қолиш, меҳнаткашларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний шароитларини ҳимоя қилиш касаба уюшмаларининг асосий вазифаларидан бири эканлиги, ноаънанавий ва норасмий бандлик шароитларида меҳнат қилаётган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида бўлмоғи кераклиги таъкидланган.

Бундан ташқари, Оролбўйи аҳолисига муносиб меҳнат шароитлари яратилишини кучли жамоатчилик назорати билан қамраб олиш, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги касаба уюшма аъзолари ўртасида минтақалараро туризмни ривожлантириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг муҳим бўғини бўлган ва ўзига хос ноёб тизим ҳисобланган “Аёллар дафтари” йўналишидаги ишларни самарали бажариш, жамиятнинг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган қатламлари, шу жумладан, хотин-қизлар билан ишлашда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган фаолларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган танловларни юқори савияда ўтказиш  ҳамда ғолибларни 11 ноябрь – Касаба уюшмалари кунида муносиб тақдирлаш, аҳолининг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, меҳнат қонунчилиги, тузилаётган шартнома ва келишувлар билан ҳавола этилган барча имконият ва имтиёзлардан максимал даражада фойдаланган ҳолда ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, касаба уюшмаси ходимлари ва фаоллари малакасини ошириш, биргаликда семинар, конференциялар ўтказиш, ижобий халқаро тажрибаларни умумлаштириш, оммалаштириш, тарғиб қилиш ва татбиқ этиш мақсадида халқаро алоқалардан фойдаланиш каби масалалар илгари сурилди.

Мурожаатда шунингдек, тарихий анжуман бўлмиш Тошкент конференциясининг халқимиз ва давлатимиз истиқболи учун ўта долзарб аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, касаба уюшмалари фаоллари ва етук мутахассислар томонидан жойларда унинг мазмун-моҳияти бўйича кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида  тарғибот ишларини олиб бориш, минтақалар ўртасидаги яқин қўшничилик ва халқларимиз ўртасида дўстлик ва биродарликни янада ривож топтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида, яқин келажакда халқаро миқёсда, “Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари касаба уюшмаларининг Форуми”ни Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиш масалалари ҳам ўз аксини топди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати