05.08.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Избоскан туманидаги “Урганжи” маҳалласида бўлиб, одамларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишган эди. Мулоқотлар давомида қишлоқ ва маҳалла ободлиги, оилалар фаровонлиги, ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар меҳнати алоҳида эътироф этилган эди.
Ташриф чоғида таъкидланганидек, ҳудуд аҳлининг ҳалол ва фидокорона меҳнатлари ва шижоати, фаолларнинг бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлари, жонкуярликлари боис, қишлоқ кун сайин обод бўлиб, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб бормоқда. Ушбу хайрли юмушларга бош қўшаётган фахрий отахон ва онахонлар ҳамда маҳалла фаолларини рағбатлантириш масаласи ҳам доимо диққат марказида бўлмоғи лозим.
Бундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Президентимиз ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Қишлоқдаги ёшларга намунали ҳаёт йўли билан ибрат бўлаётган, йигит-қизлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган, ҳудуддаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига меҳнати сингган 13 нафар урганжилик фахрий ва фаоллар “Косонсой” санаторийсига бепул йўлланмалар билан таъминланиб, айни кунда улар мароқли ҳордиқ чиқариш билан бирга, саломатликларини ҳам мустаҳкамламоқдалар.
– 13 нафар ҳамқишлоғим билан бир вақтда “Косонсой” санаторийсига бориб, дам олиб келишимиз ҳақида эшитиб, ниҳоятда тўлқинланиб кеттим, – дейди меҳнат фахрийси Собиржон Мамаширинов. – Санаторийда бизни жуда яхши кутиб олишди. Барча хизматчилар кўнглимизга қараб, мазмунли ҳордиқ чиқаришимизни таъминлашмоқда. Бундан бошимиз кўкка етди. Қувонмай бўладими, ахир?! Шахсан Президентимизнинг ўзлари бизга эътибор кўрсатмоқдалар. Маҳалламизга ташриф буюриб, фаровонлик йўлидаги янги-янги ўзгаришларга сабабчи бўлган оилаларимизга қувонч, қут-барака олиб келган Президентимизга мингдан минг раҳматлар айтмоқдамиз.
– Мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаб, пенсияга чиққанман, – дейди йўлланма топширилган фаоллардан бири Ортиқхон Каримова. – Ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўналишидаги камтарона меҳнатларимиз бугун ҳурматли Президентимиз томонидан муносиб қадрланиб, бизга кўрсатилаётган юксак эътибордан ғоятда миннатдорман. Санаторийда маҳалладошларим билан яйраб дам олмоқдамиз. Бу масканда барча шарт-шароитлар яратилган. Шифокору ҳамшираларниниг ширин муомалалари, мазали таомлар, шифобахш муолажалардан баҳраманд бўлмоқдамиз. Мақсадимиз – мароқли ҳордиқдан сўнг янада куч-қувватга тўплаб, бундан буён ҳам ёшлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшишдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати