19.08.2021. Барчага маълум, сўнги йилларда педагоглар, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, меҳнат шароити ва турмуш тарзини яхшилаш борасида ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонларидан бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмуни жамиятда ўқитувчилар учун муносиб ижтимоий-иқтисодий муҳит яратиш, таълим сифатини ошириш орқали билимли, баркамол авлодни тарбиялаш каби долзарб вазифалардан иборат.
Касаба уюшмалари ҳам муҳтарам Президентимиз олға сураётган ташаббусларда елкама-елка туриб, таълим тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатларини инобатга олиб, уларни рағбатлантириш орқали жамиятда ўқитувчи, педагог касбига бўлган ҳурматни янада оширишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти Лауреати Республика кўрик-танлови” ташкил этилди.
2021 йил 20 апрель – 20 май кунлари танловда иштирок этиш истагини билдирган 5 минг 692 нафар ўқитувчи ustozfondi.uz электрон платформаси орқали ўзлари тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этдилар. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги экспертлар томонидан номзодлар орасидан танлов шартларига жавоб берадиган 2 минг 714 нафар ўқитувчи саралаб олиниб, иккинчи босқичга йўлланма берилди.
Номзодлар томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар экспертлар томонидан баҳоланиб, жами 2 минг 714 нафар ўқитувчи саралаб олинди ва улар иштирокида 2021 йил 8 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги танланган 14 та таълим муассасаларида танловнинг иккинчи босқичи – тест синовлари ўтказилди.
Тест синовлари натижаларига кўра, жами 90 нафар ўқитувчи танловнинг учинчи – Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Республика босқичига йўлланма олган 90 нафар ўқитувчининг 64 нафари олий малака тоифасига, 26 нафари 1-малака тоифасига эга. 31 нафари 20 йилдан ортиқ, 37 нафари 10-20 йил, 22 нафари 10 йилгача педагогик иш стажига эга бўлиб, уларнинг 32 нафари аёллар эканлигини айтиб ўтиш жоиз.
Танловнинг учинчи (республика) босқичида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги мутахассисларидан иборат Комиссия томонидан номзодларнинг касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди, номзодларнинг педагогик маҳорати улар томонидан ўтиб бериладиган маҳорат дарслари орқали баҳолаш мезонига мувофиқ баҳоланди. Танлов комиссияси томонидан натижалар умумлаштирилди ва фанлар кесимида энг юқори балларни қўлга киритган 3 нафар иштирокчи, олтита фан бўйича 1-, 2-, 3-ўринлар соҳиблари – жами 18 нафар ғолиб аниқланди.
Эслатиб ўтамиз, Республика танловининг ғолиб ва совриндорлари номи мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида эълон қилинади. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан танловнинг 6 нафар 1-ўрин соҳибларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мукофоти Лауреати кўкрак нишони ва ўттиз миллион сўмдан пул мукофотлари, 6 нафар 2-ўрин соҳибларига йигирма миллион сўмдан, 6 нафар 3-ўрин соҳибларига эса ўн миллион сўмдан пул мукофотлари топширилиши белгиланган. Ушбу мукофотлар ғолибларга 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни байрами арафасида ташкил этиладиган тантанали тадбирда топширилади.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур танлов узоқ йиллик самарали фаолияти натижасида иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ўз устида ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга кўмаклашиш, ўқитувчиларни касаба уюшмалари фаолиятидаги ўрни ва ролини, меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш борасидаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати