[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.09.2021. 2021 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида  Ўзбекистон Республикасининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Муносиб меҳнат дастурини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори ёрдамчиси Хайнц Коллер, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси раиси Илҳом Ҳайдаров ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи ЮЮ иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистонда барча соҳаларда, шу жумладан ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатъиятли сиёсий иродаси туфайли қисқа вақт ичида мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик борасида ҳамда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш масалаларида салмоқли натижаларга эришилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек янги барқарор иш ўринларини яратиш, аҳолини ижтимоий таъминлаш ва даромадларини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг адолатли ижтимоий сиёсати самарасидир. Мазкур жараёнларда мамлакатда уч томонлама ижтимоий мулоқотнинг ўз вақтида ва самарали шакллантирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлиги ва амалий кўмагида Ўзбекистонда муносиб меҳнат механизмларини татбиқ этишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларни амалга оширишга эришилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ХМТ билан ҳамкорлик 2014 йилдан буён Муносиб меҳнат дастурлари асосида амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017-2020 йиллар учун имзоланган ва амалга оширилган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури Ўзбекистоннинг муносиб меҳнат соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаган ва қонун ҳужжатларини халқаро меҳнат стандартларига мослаштирган фаолиятнинг аксарият соҳаларида қатор муҳим натижаларни берди.

Бу борадаги ишларни давом эттириш, ижтимоий мулоқотни кучайтириш ва ХМТ билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур янги Мамлакат дастури Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан Ўзбекистондаги уч томонлама ижтимоий шериклар – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикасининг Муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, иқтисодий, инклюзив ва адолатли ўсиш натижасида ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламлари учун яратилган бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб тоифаларининг сифатли ва инклюзив таълим ҳамда ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш  ва ижтимоий шерикларнинг институционал салоҳиятини ошириш каби асосий устувор йўналишларни қамраб олган.

Тадбирда уч томонлама ижтимоий шериклар томонидан мазкур Мамлакат дастурининг имзоланиши Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятини бериши алоҳида таъкилланди. Шунингдек, ижтимоий шерикларнинг муносиб меҳнат тамойиллари ва ижтимоий мулоқотни илгари суриш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш, гендер тенгликка эришиш ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш борасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаши қайд этилди. Таъкидланганидек, янги Мамлакат дастурида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий масалаларда инсон омилига йўналтирилган ижтимоий адолатни таъминлаш масалалари кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳужжат Ўзбекистонни Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги айтиб ўтилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканлиги ва Янги Ўзбекистонга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада илгари суришда ҳамкорлик кўрсатишга қаратилганлигини таъкидлади. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан меҳнат муносабатлари соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш, аҳолинининг таълим ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий шерикларнинг ижтимоий мулоқот ва салоҳиятларини мустаҳкамлаш каби йўналишларда билдирилган таклифларнинг аксарияти инобатга олинган.

Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров замонавий Ўзбекистон учун мамлакат дастурининг танланган устувор йўналишлари ва меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратди. Таъкидланганидек, ушбу устувор йўналишлар Ўзбекистондаги уч томонлама шерикларга ХМТнинг халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш тажрибасини мамлакатда ўрнатилган ижтимоий мулоқотни ривожлантириш ва уч томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш билан уйғун ҳолда олиб бориш, республикада муносиб меҳнат билан боғлиқ асосий масалаларни ҳал этиш имконини беради.

Ўз навбатида Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори ёрдамчиси Хайнц Коллер Ўзбекистондаги барча ҳамкорларга самимий салом йўллаб, охирги йилларда Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга риоя этиш борасида салмоқли ютуқларга эришганини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида эришаётган улкан натижалари ҳам алоҳида қайд этилди. ХМТ  томонидан Халқаро меҳнат меъёрларини миллий қонунчиликка киритишда ва уларни амалда қўлланишида кўмак кўрсатилгани, 2017-2020 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури доирасида Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик меҳнат қонунчилигини ҳар томонлама ислоҳ қилиш ва бандликнинг миллий стратегиясини шакллантириш, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги аҳволини таҳлил этиш, уч томонлама ижтимоий мулоқотни институционаллаштириш ва бандлик бўйича давлат хизматларини кучайтириш каби стратегик соҳаларда иш олиб борилгани таъкидланди. 2016 йилдан бошлаб ХМТ меҳнат муҳофазаси ва меҳнат инспекцияси соҳасида ўқувларга, шунингдек, 81- ва 129-конвенцияларни ратификация қилишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. Сирасини айтганда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди. ХМТ бундан кейин ҳам Ўзбекистондаги уч томонлама ҳамкорлар билан биргаликда янги Муносиб меҳнат дастурини қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, янги Муносиб меҳнат дастури ХМТнинг Ўзбекистон билан 2021-2025 йиллар учун ҳамкорлиги бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлари натижаси бўлиб, БМТнинг Ўзбекистондаги барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимига тўлиқ мос келади. Ушбу ҳужжатда ХМТнинг меҳнат соҳасининг истиқболи тўғрисидаги юзйиллик Декларациясининг асосий меъёрлари ҳам кўзда тутилган бўлиб, Халқаро меҳнат конференциясининг 2021 йилги Резолюцияси бажарилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати