30.09.2021. Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.
Кўрик-танловнинг 1-босқичида 148 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти иштирок этди ва унинг ғолиблари танловнинг 2-босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди. Шу тарзда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашига 28 та бошланғич ташкилотдан тақдим этилган барча ҳужжатлар комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилиб, энг намунали бошланғич ташкилот аниқланди.
Танлов якунларига кўра аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 254 баллни тўплаган Тошкент минақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги “Марказий клиник касалхонаси”нинг касаба уюшма қўмитаси 1-ўринни эгаллади.
2-ўрин 251 балл билан Бухоро минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги “Бухоро минтақавий темир йўл узели” УК касаба уюшма ташкилотига насиб этди.
237 баллни тўплаган “Қуюв механика заводи” ШК касаба уюшма ташкилоти 3-ўринга лойиқ деб топилди.
Бундан ташқари аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 194 балл тўплаган Термиз минтақавий темир йўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмитаси тасарруфидаги Сурхондарё юк ҳужжатларини қайта ишлаш технологик маркази касаба уюшма ташкилоти ғолиб бўлди.
– Ушбу кўрик танлов меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги тажрибамизни ошириш имконини ҳам берди, – дейди “Марказий клиник касалхонаси” касаба уюшма қўмитаси раиси Юлдуз Хошимова. – Чунки, танловда иштирок этиш учун тайёрланар эканмиз, ўз устимизда янада кўпроқ ишладик, янада кўпроқ изландик, десам, муболаға бўлмайди. Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши бу борада бизка катта кўмак кўрсатди. Эндиликда танловнинг якуний 3-босқичида ҳам юқори ўринларни эгаллашга, бизга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Ғолиблар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг диплом ва қимматбахо совғалари билан тақдирландилар.
Юқори ўринларни эгаллаган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари танловнинг якуний 3-босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Навбатдаги совриндорлар 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари ходимлари куни” арафасида эълон қилинади.
Шерзод Исмоилов
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бўлим мудири