15.10.2021. Ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келмоқда.
Айни пайтда Наманган вилоятида ҳам Миллий мониторинг ишчи гуруҳи фаолиятини давом эттирмоқда. Ўрганишлар давомида мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўйилмасликга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Норин туманидаги мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги иддаоси билан видео тарқалди. Аммо бу ҳолат ўз исботини топмади. Шундай бўлишига қарамай, Миллий мониторинг ишчи гуруҳи пахта далаларида ишлаётганлар билан суҳбатлашди. Иш жойидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳолатлар аниқланмади.
Бундан ташқари, масала юзасидан ҳудудий кенгашлар томонидан жамоатчилик назорати ҳам ташкил қилинган. Мавсум давомида теримчилар учун ажратилган ётоқ жойларида яратилган шарт-шароитлар ўрганилиб, аниқланган камчиликлар ҳудудий ҳокимликлар, масъул ташкилот ва идоралар томонидан бартараф этилиши назорат қилиб борилмоқда.
Бунда касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган 10-92 қисқа рақами энг яқин кўмакчи бўлиб, унга мурожаат қилинганда пахта йиғим-теримида ҳуқуқи бузилган ҳар қандай кишининг муаммолар ҳал этилмоқда.
Орзугул Рустамова