01.11.2021. Бош қомусимизнинг 59-моддасидан касаба уюшмалари, уларнинг бош мақсади ва вазифалари тўла-тўкис кўрсатиб берилган.
Республикамизда меҳнат фаолиятини олиб бораётган, яъни иш билан банд бўлган ҳар бир шахс – ходим касаба уюшмасига аъзо бўлиш ва мазкур энг йирик жамоат ташкилотининг хизматларидан бепул ва беминнат фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.
Бугунги кунда касаба уюшмалари ходимнинг эркин меҳнат қилиши учун қулай меҳнат шароитларининг яратилиши, махсус кийим-бош билан таъминланиши, зарарли ва ноқулай шароитларда меҳнат қилаётганлиги инобатга олиниб профилактик озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, ходимга иш ҳақини адолатли тўлаш тизими жорий этилиши, ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маънавий дунёқарашини ошириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилиши ва бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши йўналишларида тизимли ишларни амалга оширмоқдалар.
Айниқса, охирги беш йил давомида мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилган тизимли ислоҳотларда касаба уюшмалари фаол иштирок этиб, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Барчамизга маълумки, ўтган 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан 11 ноябрь – касаба уюшмалари куни этиб белгиланди.
Жорий йилда Касаба уюшмалари кунини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлашга бағишланган тадбирлар “Шўртан газ кимё мажмуаси” Масъулияти чекланган жамияти меҳнат жамоаларида ҳам зўр қизиқиш билан ўтказилмоқда. Хусусан, мазкур корхона бошланғич касаба уюшма ташкилоти томонидан меҳнат жамоаларида ўтказилаётган ҳар бир тадбирда меҳнаткашлар юқори кайфият билан фаол иштирок этмоқдалар.
Ана шундай тадбирлардан бири мажмуада меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва ёшлар иштирокида ўтказилди. Касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил этилган “Соғлом ҳаёт сари 5 минг қадам!” оммавий спортча юриш марафони иштирокчилари тадбир давомида “Биз юриб беш минг қадам, бўламиз соғлом, бардам!” шиори остида белгиланган масофани кўтаринки руҳда босиб ўтдилар.
Марафон иштирокчилари бўлган меҳнаткашларни марра чизиғида мусиқа садолари остида олқишлаган ҳолда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси вакиллари ҳамда фаоллари кутиб олдилар.
Саломатлик марафонининг барча иштирокчилари тадбир натижасида саломатлик учун муҳим саналган руҳий ва жисмоний тетиклик, кўтаринки кайфиятга эга бўлганликларини алоҳида таъкидлаб, ташаббускорларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Тадбир иштирокчиларининг барчасига инсон дунёқарашини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган совға – китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.
Айни кунларда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “Касаба уюшмаси ҳафталиги”дан ўрин олган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, Давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати