08.11.2021. «Ҳар икки томон бу учрашувларнинг икки қардош халқ касаба уюшмаларининг янада яқинлиги сари муҳим қадами бўлди, деган фикрни якдил қувватлади. Ҳа, ҳамкорликнинг мустаҳкам ришталари мудом бизни боғлаб туришига шубҳа йўқ.»
Бугун дунё саҳнида «Янги Ўзбекистон» атамаси жарангламоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, кейинги даврдаги ислоҳотлар нафақат мамлакат ичида, балки жаҳонда ҳам ўз аксини намоён этмоқда. Буни яқин қўшниларимиз билан мустаҳкамланаётган алоқалар, хусусан минтақа доирасидаги ҳамкорлик масалаларидаги ижобий ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин.
Ёдингизда бўлса, шундай вақтлар ҳам бўлдики, яқин қўшниларимиз билан орамизда кўринмас деворлар «бунёд этилгани» боис борди-келдиларимиз узилди. Баъзи қўшнилар билан қарийб уруш даражасини эслатувчи совуқ кунлар ҳам ўтди…
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик сиёсати, дипломатияси меваси ўлароқ, қўшни давлатлар – қардошларимиз билан бугун ростакамига биродарларча қучоқ очиб кўришяпмиз, дийдорлашяпмиз, муаммо ва камчиликларимизни муҳокама қиляпмиз, уларга биргаликда ечим излаяпмиз.
Биргина касаба уюшмалари соҳасидаги ҳамкорликни мисол қилиб келтириш мумкин. Соҳада яқин қўшнилар билан муносабатлардаги ўзаро хайрихоҳлик, яқинликка бўлган интилиш, бир-биримизнинг тажрибаларимизни ўрганиш, зарур жиҳатларни ўрганишга бўлган эҳтиёж ниҳоятда катта эканини англаб етяпмиз бугун. Қизиғи, мустақиллик йилларида қўшни давлатлар касаба уюшмалари билан ақалли бирон марта ҳам жўяли учрашув, бевосита ёки икки томонлама делегациялар борди-келдиси амалга ошмаган эди…
Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда.
Яқинда Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сотиболди Даулеталин бошчилигида Ўзбекистонда бўлган биродарларимиз Федерация фаолияти билан обдон танишди, тасарруфдаги ташкилотларнинг иш тутумлари билан қизиқди, санаторийлар имкониятларини ўрганди.
…Ва кетар чоғи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг катта делегация билан Қозоғистонга ташриф буюришини таклиф қилди. Буни оддийгина таклиф дейиш бугун юзага келган мавжуд ҳолатни тўлиқ ифодаламайди. Зеро, бу қисқа ташриф бир жиҳатдан бизнинг нечоғли яқин эканимизни кўрсатиб қўйган бўлса, иккинчидан, икки қардош халқ вакиллари дийдорга тўйиб улгурмаган эдилар десак, тўғрироқ бўлса керак.
Бир-бирига айтмоқчи бўлган гаплари кўп бўлган дўстлар учун эса дийдор катта эҳтиёж эди. Қолаверса, амалга оширилажак ташриф Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихига ёзилиб қоладиган алоҳида воқеа ҳамдир. Чунки шунча йил ўтиб, илк бор Қозоғистонга борилмоқчи…
Шу маънода Қозоғистон Республикасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларининг расмий сафарига қизғин тадорик кўрилди. Биринчи масала – ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги битимни имзолаш. Бу гарчи расман муҳим сиёсий ҳужжат бўлса-да, бизларни ундан-да муҳимроқ бўлган жонли мулоқот қизиқтирар эди.
Хўш, қардошларимизнинг кайфиятлари қандай, улар биздан қандай таассуротлар билан қайтишди, уларнинг жамиятдаги обрў-эътибори қандай, умуман, қозоқ биродарларимиз қандай яшамоқдалар? Қолаверса, бизнинг ҳам уларга айтар гапларимиз бисёр эди.
Ҳарқалай, сафар ҳар бир делегация аъзоси учун ҳам ҳаяжонли ва ҳам қадрли эди. Бу тушунарли.
…Бизни Остона аэропортида қучоқ очиб кутиб олаётган ҳамкасбларнинг кўзидаги ёниқ нигоҳдан, бизга, яъни уларнинг тили билан айтганда, бовурлар билан дийдорга бўлган муштоқликни яққол ҳис этиш мумкин эди.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сотиболди Толегисович ўзбекистонликларнинг ҳар бирининг исм-шарифини айтиб саломлашар экан, бу бизга ўзгача мамнуният бахш этди. Чунки орамизда Сотиболди оға билан илк бор кўришиб турган ҳамкасбларимиз ҳам бор эди.
Икки кунлик сафар дастурига асосан делегациямиз куннинг иккинчи ярмида Федерациянинг «Касаба уйи»да тантанали қабул қилинди.
Расмий табрик сўзларида тайёрлаб қўйилган маърузаларга умуман ҳожат қолмади. Ҳар икки раис – Қудратилла Рафиқов ҳам, Сотиболди Даулеталин ҳам ушбу учрашув ҳақида, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳамкорликни ривожлантириш, икки давлат ўртасидаги яқин муносабатлар ҳақида тўлқинланиб сўзлашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Қозоғистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Ынтымақтастық» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Эътироф этиш лозимки, бу юксак мукофот Қозоғистон касаба уюшмалари Федерациясининг хорижий ҳамкорлар учун таъсис этилган энг юксак мукофоти экан. Қардошларимиз ушбу мукофотни халқаро даражадаги соҳа ривожи ҳамда бевосита Қозоғистон учун муҳим бўлган ҳамкорликка қўшилган муносиб хизмат учун саноқли халқаро сиёсатчиларгагина беришар экан. Унинг номланишида ҳам ўзига хос чуқур маъно мужассам.
Қудратилла Мирсоатович Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қарийб олти миллионга яқин аъзолари номидан қизғин саломни етказар экан, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берди ва ўз ўрнида, ўтган қисқа вақт ичида касаба уюшмалари тарихида ҳам унутилмас воқеалар бўлиб ўтганига тўхталди.
Хусусан, умумхалқ муҳокамаларидан сўнг қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонуни ҳақида, халқаро муносабатлар, тизимдаги санаторийлар фаолияти, болаларни соғломлаштириш сиҳатгоҳларининг ҳолати ва бошқа масалаларга алоҳида урғу берди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ўзбек халқининг академик шоири Ғафур Ғулом қаламига мансуб шеърдан қуйидаги иқтибосни ўқиб берганида, барча йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан қарши олишди:
Ўзбек деган битта халқдир қозоқ билан
Агар ўзбек йиғин қилса, қозоқ келар…
…Мен не дейман? Суянмоққа сен тоғимсан,
Сен – бовурим, қошу-кўзим, қароғимсан.
Тарихларнинг тор, қоронғу сўқмоғида
Етаклашган миллион йиллик қозоғимсан!
Сотиболди Даулеталин ўз сўзида ўзбек биродарини «менинг туисқан оғам» дея атади.
Шу куни Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари Федерациялари ўртасида ҳамкорлик битимига имзо чекилди. Ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари ўртасида изчил ҳамкорлик, ўзаро мулоқотларни жадал ривожлантириш, тажрибаларни оммалаштириш, соҳа ривожига оид мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиб туришга келишиб олинди.
Очиғини айтиш лозимки, кўпчилик учун Остона шаҳрини кўриш қизиқ эди. Биз бу ҳайратланарли янги «қалъа»га илк бор қадам ранжида қилган эдик. Унинг олдиндан бош режа қилиниб бунёд этилган кенг кўчалари, бир-биридан меъморий жиҳатдан тубдан фарқ қилувчи осмонўпар бино ва иншоотлари, идора ва ташкилотларнинг жойлашувидаги мантиқийлик ҳавасимизни келтиргани рост.
Бийдай саҳро устида бунёд этилган бу муаззам шаҳар ҳар бир меҳмон қалбида ажиб бир таассуротлар уйғотганига шубҳа йўқ. Делегациямизнинг шаҳар марказида бунёд этилган «Элбаси» музейига ташрифи эса бу таассуротларни ўн чандон оширди. Замонавий ёндашувлар, креатив лойиҳалар асосида яратилган бу ансамблнинг ҳар саҳифаси ўтган ўттиз йилликнинг муайян тарихий қиёфасини тиклаб беради.
Оддий қишлоқда туғилиб, оғир меҳнат, турли ҳаёт қийинчиликлари билан вояга етган, болалигидан илмга ташна бўлиб, ўз келажаги учун курашган Нурсултон Назарбоев тақдиридаги ҳеч бир аҳамиятли деталь эътибордан четда қолмаган.
Шарқда шахсларнинг тарихда тутган ўрни ҳақида кўп гапиришади. Ваҳоланки, Президент Назарбоевнинг турли қарама-қаршиликлар, мунозараларни енгиб, пойтахтни Остонага кўчириш ҳақидаги тарихий қадами учун бу йўлбошчига улкан жасорат ва сиёсий ирода зарур бўлганини факт ва рақамлар, воқеалар динамикаси яққол кўрсатиб турибди.
Шуниси муҳимки, қозоқ элининг Элбошиси энг тўғри қарорни қабул қилишда адашмаган эди. Бугун Остона чўлу биёбон саҳнида пайдо бўлган гавҳар мисоли кўрк бўлиб самога бўй чўзиб турибди. Бунинг аҳамиятли яна бир жиҳати бугун ҳар бир қозоқ биродаримиз ўз пойтахти билан ҳақли равишда фахрланади. Уни бунёд этишга жазм эта олган ўз Юртбошисини кўкларга кўтаради.
Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган кечки қабул эса, ўз таомилига кўра, ҳақиқий диллашув оқшомига айланди. Тўкин дастурхон теграсида қозоқ халқининг, шу билан бирга, ўзбек халқи учун ҳам суюкли бўлган санъаткор, Қозоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Роза Римбаева даврага ўзгача файз бахш этди. Унинг ижросидаги ўз даврининг шлягери бўлган қўшиқлар жўр овозда куйланди.
Сафар ўз поёнига етар экан, ҳар икки томон бу учрашувларнинг икки қардош халқ касаба уюшмаларининг янада яқинлиги сари муҳим қадами бўлди, деган фикрни якдил қувватлади. Ҳа, ҳамкорликнинг мустаҳкам ришталари мудом бизни боғлаб туришига шубҳа йўқ.
Бизни ажратиб турган чегаралар эса… Улар бизни чекламас!
Ҳусан Эрматов