[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

13.11.2021. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қарийб 1 асрдан ортиқ тарихга эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур музейни ташкил этиш жараёнида катта кўламдаги изланишлар олиб борилди. Энг аввало музей концепцияси ишлаб чиқилди. “Ўзбекистон миллий архиви” ва Касаба уюшмалари Федерацияси архиви, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи, Алишер Навоий номли миллий кутубхона, Ўзбекистон Фанлар Академияси кутубхонси ва яна бир қатор ташкилотларда изланишлар олиб борилиб, соҳага оид кўплаб тарихий материаллар тўпланди.

Музей энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, унда касаба уюшмалари тузилган дастлабки йиллардан то бугунгача бўлган барча фаолият ва жараёнлар, соҳага доир хат-ҳужжатлар, фото ва видео материаллар мужассам. Эътиборли жиҳати, музейда касаба уюшмалари фаолиятининг ҳеч бир йили эътибордан четда қолмаган. Музейга жойлаштирилган буюмлар 1925 йилдан 2021 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган.

Музей 4 бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлим илк касаба уюшмалари фаолияти, улар томонидан ўтказилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган. Ушбу бўлимда жадидлар ҳаркатининг  етук намоёндаларидан бири бўлган Абдулла Авлонийнинг касаба уюшмаларидаги фаолияти ҳам акс этган.

Музейнинг иккинчи ва учинчи бўлимларидан касаба уюшмаларининг 1925-1991, 1991-2015 йиллардаги фаолияти акс этган материаллар ўрин олган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейининг тўртинчи бўлими “Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари” деб номланган бўлиб, ушбу павильондан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларнинг сўнгги 5 йил давомида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб бораётган самарали фаолияти тўғрисидаги материаллар ўрин олган.

Музейда касаба уюшмалари фаолиятига оид бир қатор қисқа метражли фильмлар, бир неча юздан ортиқ фотосуратлар мавжуд. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати