17.11.2021. Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тиббиёт соҳасида ва тармоқ касаба уюшмаси тизимида кўп йиллардан бери ишлаб келаётган фидоий инсонлар, ўз касбининг моҳир устаси бўлган тиббиёт ходимлари меҳнатини эътироф этиш мақсадида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
280 та бошланғич ташкилот ва 119 минг нафар аъзони бирлаштирган Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши бугунги кунда тармоқ тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва меҳнатини муҳофаза қилиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва соғломлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда асосий ҳужжатлардан бири бўлган жамоа шартномалари, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш устуворлик касб этмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимиздаги пандемик вазиятни барқарорлаштиришда, умуман аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг тиббий маданиятини оширишда тиббиёт ходимларининг ҳиссаси катта. Бундан келиб чиққан ҳолда тадбирда ижтимоий шериклик ва ижтимоий адолат тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш, тармоқ тизимидаги ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, шунингдек, касаба уюшмалари харакатини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт ходимлари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари вакиллари ва касаба уюшма фаоллари муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир якунида йиғилганларга Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган ва ўз дарди ҳамда муаммоларидан кўра ўзгалар дарди учун қайғурувчи фидоий шифокорлар хақида ҳикоя қилувчи “Ўзгалар дарди” спектакли намойиш этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати