[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.11.2021. Иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларда икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамиша долзарб аҳамиятга эга. Жамоа шартномалари эса, таъбир жоиз бўлса, айни масалада муайян “чегараларни чизиб”, раҳбариятдан тортиб энг кичик вазифадаги ходимгача – барча-барчанинг иш жараёнидаги хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи ҳужжатдир.

Шунинг учун ҳам бошланғич ташкилотларда қабул қилинаётган жамоа шартномалари ҳамда уларнинг ижроси касаба уюшмалари юқори тузилмаларининг доимий диққат маразида. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят кенгаши фаолиятида ҳам айни масала ҳамиша кун тартибида.

Амалдаги йилнинг шу даврига қадар жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида қандай ишлар амалга оширилди? Турган гапки, бу саволнинг жавобини рақамларсиз ифода этиб бўлмайди. Хусусан, жорий йилнинг 8 ойи давомида вилоят кенгашига 99 та мурожаат келиб тушди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор, албатта. Шундан келиб чиқиб, бу мавзуга ҳам ҳамиша жиддий ёндашиб келинади. Мурожаатлар бўйича қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилиб, 30 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди ва 83 млн. 605 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди.

Муносиб меҳнат — фаровон ҳаётга пойдевор. Вилоят кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ва корхона ҳамда муассасалардан сайланган вакиллар томонидан меҳнат муҳофазасига оид 108 та қоидабузарлик аниқланиб, уларнинг барчаси бартараф этилди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 46 та ёш оилага фоизсиз ссудалар ажратилди.

325 нафар ходим пенсияга чиқиш олдидан моддий ёрдам ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 304 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан совғалар топширилди. 1 минг 151 нафар ишламайдиган пенсионер моддий ва маънавий  қўллаб-қувватланди.

Келажакни ёш кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода кечагина дипломни қўлга олиб, катта ҳаёт остонасида турган йигит-қизларнигина эмас, балки олий ўқув юртида таҳсил олаётган навқирон ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам кадрлар сиёсатига эътиборнинг бир кўринишидир. Ана шу мақсадда жорий йилда иш берувчиларнинг маблағи ҳисобидан 58 нафар эҳтиёжманд ва чин етим талабанинг ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди. Ёз мавсумида пандемия қоидаларига амал қилган ҳолда вилоятда фаолият кўрсатган 14 та стационар оромгоҳда 4 минг 449 нафар ўғил-қиз соғломлаштирилди. Айни ҳаракатлар одамийлик, инсонпарварлик каби фазилатларнинг амалдаги ифодаси эканлиги баробарида жорий “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанглиги билан ҳам эътиборга сазовор, албатта.

Турли байрамлар муносабати билан Андижон шаҳридаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, ушбу муассасаларда яшовчи инсонлар ҳолидан хабар олинди ва 9 миллион 800 минг сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Юртимиз шиддат билан ривожланмоқда. Бунга ҳамоҳанг равишда касаба уюшмалари ҳам янгича ёндашувлар асосида фаолият кўрсатаётгани эришилаётган натижаларда ҳам акс этмоқда. Меҳнаткашлар ўртасида касаба уюшмаларига бўлган ишонч ортаётгани эса талабчанлик, изланувчанлик руҳидаги ҳаракатларнинг самарасидир.

Эргашбой Тешабоев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши бўлим мудири