10.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида бугунги кунда 14 та тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари мавжуд бўлиб, улар ўз фаолиятларида тегишли тармоқларда меҳнат қилдаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ёш мутахассислар ва талабаларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашларида Ёшлар ишлари бўлимлари ташкил этилган бўлиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тармоқ касаба уюшмаларидан бири Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашидир.
Мазкур Республика Кенгаши 2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурини қабул қилиб, унинг асосида қатор ижтимоий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча юқоридаги дастурнинг “Демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ёшлар фаоллигини ошириш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантириш” бандига мувофиқ Губкина номидаги Россия Давлат нефт ва газ университетининг Тошкент филиалида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бўлим мудирлари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбир давомида мазкур олий таълим муассасаси ёшларига касаба уюшмалари фаолиятининг конституциявий кафолатлари батафсил тушунтирилиб, мазкур жамоат ташкилоти сафларини ёшларни янада кенгроқ жалб этиш, уларга муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолотларини тўлақонли етказиш йўналишларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, меҳнат қонунчилигига оид йўналишларда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида бир қатор тақдимотлар ҳам амалга оширилди.
– Бу каби тадбирларни тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ўртасида ҳам ўтказиш режалаштирилган, деди Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Ёшлар ишлари бўлим мудири Бобурмирзо Абдуллаев. – Мақсадимиз – ёшларнинг меҳнат қонунчилигига оид билимларини янада ошириш, бу орқали жойларда қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишдир. Чунки, ўз меҳнат ҳуқуқларини яхши билган инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб, иш жойида тартиб-интизомга риоя этган ҳолда меҳнат муносабатларининг тартиб-қоидаларига риоя эта олади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда “Рандеву” театр ва рақс гуруҳи томонидан ижро этилган миллий рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бахш этди.
Худди шундай тарғибот лойиҳаларидан яна бири Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Ёшлар ишлари бўлими ташаббуси билан “Миллий тадқиқот ядро университети”нинг Тошкент филиалида ҳам ўтказилди.
Мазкур университет ўқитувчилари ва талабаларини жамлаган тадбирда ёшларга уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва бурчлари батафсил тушунтирилди.
Шундан сўнг тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан тайёрланган ижтимоий видеоролик намойиш этилиб, энергетика, нефт-газ ва геология тармоғи касаба уюшмаси тарихи ва бугуни, хусусан, Янги Ўзбекистонда тармоқ касаба уюшмасининг тутган ўрни, фаолиятнинг устувор йўналишларида амалга ошираётган тизимли ишлари, жумладан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва унинг натижалари ёритиб берилди.
Тадбир давомида тармоқ касаба уюшмаси мутахассислари томонидан мамлакатимиз ёшларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари, улар учун белгиланган қонуний кафолатлари, Жамоа шартномалари ва уларнинг ёшлар ижтимоий ҳимоясидаги ўрни, мазкур локал ҳужжат орқали ёшларга берилаётган қўшимча имтиёз ва кафолатлар хусусида батафсил маълумотлар берилиб, худди шу мавзуларда саҳналаштирилган воқеалар намойиш этилди. Айниқса, талабаларнинг ўзлари иштирокида ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари таълим муассасасини тамомлагач уч йил давомида биринчи бор ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмаслиги тўғрисида тайёрланган саҳна кўриниши ёшларнинг диққат-эътиборини тортди.
Талабаларнинг меҳнат қонунчилиги тўғрисидаги билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш мақсадида саҳнага ўрнатилган экран орқали “KAHOOT” электрон ўқитиш платформасидан фойдаланган ҳолда мавзуга оид ташкил этилган викторина ҳам ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Викторина давомида талабаларга тест саволлари берилиб, танлов ўтказилди ва ғолиблар тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати