[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

13.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқ таълими вазирлиги иштирокида умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови давом этмоқда.

Ўқувчиларда Янги Ўзбекистонда кузатилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш жараёнлари ва ислоҳотларга, келажакка нисбатан даҳлдорлик ҳиссини шакллантириш, уларда ёзиш, ўрганиш, ижодий, танқидий, ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган мазкур танлов ўғил-қизларнинг сиёсий онги ва маданиятини ривожлантириш билан бирга уларда ватанпарварлик ҳиссини янада юксалтиради, десак, муболаға бўлмайди.

Маълумки, мазкур танлов 4 босқичда, яъни мактаб, туман (шаҳар), ҳудуд ва республика миқёсида ўтказилади.

Танловнинг биринчи, яъни мактаблар миқёсида ўтказилган босқичи жорий йилнинг 20 ноябридан 4 декабригача бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги 9 минг 894 та умумтаълим мактабининг 591 минг 927 нафар ўқувчиси иштирок этди. иштирок этиш истагини билдирган ўқувчилар “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” мавзусида эссе ёздилар.

Таъкидлаш жоизки, “Менинг Президентим” танлови жойларда ўқувчилар ва уларнинг устозлари томонидан қизғин кутиб олинди. Буни танловда ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларининг деярли барчаси иштирок этиш истагини билдирганларидан ҳам билиб олиш мумкин. Хусусан, Хоразм вилоятида мавжуд мактаблардаги 47 минг 320 нафар ўқувчи, яъни жами ўқувчиларнинг 98,3 фоизи, Сурхондарё вилоятидаги мактабларнинг 64 минг 595 нафар ўқувчиси, яъни 94,1 фоиз ўғил-қизлар, Қашқадарё вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларидаги 82 минг 515 нафар ўқувчи – жами ўқувчиларнинг 92,5 фоизи, Андижон вилоятидан эса мавжуд мактабларнинг 58 минг 410 нафар ўқувчиси, яъни вилоятдаги жами ўқувчиларнинг  88,9 фоизи иштирок этдилар.

Бугунги кунда “Менинг Президентим” танловининг иккинчи – туман ва шаҳарлар миқёсидаги босқичи бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 6 декабридан 14 декабрига қадар давом этувчи мазкур босқичда барча умумий ўрта таълим муассасаларидан аниқланган ғолиблар “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” мавзусида иншо ёзмоқдалар.

Иккинчи босқич якунида энг яхши деб топилган иншо, яъни ҳар бир туман ва шаҳардан энг яхши иншо ёзган 1 нафар ўқувчи танловнинг учинчи – ҳудудий босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати