24.12.2021. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги корхоналар касаба уюшмалари қўмиталари раислари учун ўзаро тажриба алмашиш ва замонавий технологиялар асосида иш олиб бораётган “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ва “Textile BRZ” МЧЖ корхоналари ҳамда касаба уюшмалари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида экскурсия ва семинар ташкил этилди.
Тадбир аввалида Республика кенгаши раиси М.Халилова ва “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ корхонаси бош директорининг иқтисод ва молия масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ў.Каримов сўзга чиқиб, заводни ташкил топиши, фаолияти ва касаба уюшмалари тўғрисида сўз юритиб, бугунги кунда иш берувчи ва касаба уюшмалари тармоқ келишуви ва жамоа шартномалари асосида амалга ошириб келинаёткан ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖда маҳсулотларни ишлаб чиқариш 2018 йил июль ойида бошланган бўлиб, қишлоқ хўжалик шиналари ва резина-мато ва резина-симли 60 дан ортиқ турдаги конвейер ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бугунги кунда “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ конвейер ленталари маҳаллий компаниялар, жумладан, “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбеккўмир” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” AЖ каби маҳаллий компанияларда ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиб келинмоқда.
Корхона 1200 иш ўрнига мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 974 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Шундан, 208 нафар аёллар ва 479 нафар ёшлар ҳам самарали иш фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Касаба уюшмалари фаоллари корхонанинг масъул ходимлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари ҳамроҳлигида ишлаб чиқариш жараёнлари ва ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Диёр Алимов касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди. Касаба уюшмаси фаолияти бўйича ўша ернинг ўзида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Ёш фаоллар эса ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлдилар.
Шундан сўнг, фаоллар “Textile BRZ” МЧЖ тикув цехи фаолияти билан танишиш мақсадида корхона томон йўл олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрь куни бўлиб ўтган VIII Қурултойида Федерация раиси Қ.Рафиков Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Мустақилликнинг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни” ташаббуси билан чиқиб, унга кўра ҳар бир тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашлари томонидан 30 тадан янги иш ўринларини яратиш ғояси илгари сурилган эди. Мазкур ташаббус барча тармоқ кенгашлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, тегишли тартибда амалий ишларга киришилгани бугун кўплаб ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Айни мақсадда, Республика кенгаши ташаббуси билан касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ва “Биринчи резина заводи” МЧЖ билан шерикчилик асосида корхона ҳудудида ташкил этилган “Textile BRZ” МЧЖда бугунги кунда 30 нафар аёллар иш билан таъминландилар. Корхонада “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган хотин-қизлар ўз иш ўринларига эга бўлишди.
Ҳозирда тикувчилик цехига тадбиркор Севара Саъдуллаева раҳбарлик қилиб келмоқда. Касаба ушмаси фаоллари билан суҳбатда С.Саъдуллаева корхонанинг ташкил этилиши ва бугунги кунда тайёрланаётган маҳсулотлар ҳақида гапириб берди. Тикувчилик цехи энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, касб эгалари учун махсус кийимлар ва маиший кийим-кечакларни тикиш имконини беради. Тайёрланаётган маҳсулотлар шартномалар асосида истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Шу ўринда айтиш мумкинки, корхонада ишчи-ходимларнинг таклифи билан касаба уюшмаси ташкилоти тузилган бўлиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Шундан сўнг тармоқ мутахассислари ва тизимдаги корхона касаба уюшмаси қўмиталари раислари иштирокида семинар ташкил этилди. Унда сўзга чиққан “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Навоийвзот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ва “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ корхоналарининг касаба уюшма қўмиталари раислари олиб бораётган фаолиятлари ҳақида гапириб, ўзларини ҳаётий тажрибалари ҳақида ўртоқлашдилар ва ёш вакилларнинг келажакда ўрганишлари ҳамда эгаллашлари лозим бўлган билим ва кўникмалари нималардан иборат бўлиши ҳақида мисоллар орқали айтиб ўтдилар.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ фаолияти ҳақида ўзларининг таассуротларини билдирар эканлар, Республика кенгаши раиси М.Халиловага ўз миннатдорчиликларини билдириб, ташкил этилган тадбир барча учун самарали бўлганлигини ва бу каби тажриба алмашиш тадбирларини келгусида ҳам давомли ўтказиб бориш касаба уюшмалари фаоллари фаолиятида катта рол ўйнашини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Республика кенгаши раҳбарияти томонидан касаба уюшмалари фаоллари томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар келгуси фаолиятда, албатта, инобатга олиниши таъкидлаб ўтилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси