24.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ва Сенат аъзолари, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари, ёзувчи ва журналистлар, олимлар, шунингдек, ҳудудий студиялардан онлайн алоқа тизими орқали вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, халқ таълими вазирлигининг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, танловда иштирок этган ўқувчиларнинг устозлари ва ота-оналари, мактаблар директорлари ҳамда касаба уюшмалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Ренспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар натижасида мамлакатимизда таълим масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро ёшларни қомусий алломаларимиз Абу Али ибн Сино, Ал-Форобий, Ал-Фарғоний, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний каби буюк олимлар даражасида тарбиялаш Давлатимиз раҳбарининг олий мақсадидир. Шу боис ҳам Юртбошимиз Президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни тараққиётнинг муҳим асоси, деб белгиладилар. Хусусан, Президентимиз 2020 йилнинг 1 октябридаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида: “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгилаб олганмиз” – деб алоҳида таъкидлаб ўтгандилар.
Дарҳақиқат, буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир! Айни шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар моҳиятига бағишланган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловини ўтказишга қарор қилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловидан кўзланган мақсад – мактаб ўқувчиларида сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида баб-баробар амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, уларнинг бу борадаги кўникмаларини ошириш, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, ўғил-қизларда ижодий, танқидий ва ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантиришдир. Шунингдек, ушбу танлов Юртбошимиз раҳбарлигида улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларни ёшлар, яъни фарзандларимиз қандай тушунаётгани, уларнинг нималар ҳақида фикрлаётгани, кўзлаётган марралари ва билим ҳамда салоҳиятларини намоён қилиш, юртимиздаги тарихий ислоҳотлар, ёшларимиз тафаккури ва қалбида қандай акс-садо бераётганини аниқлаб олиш имкониятини ҳам берди.
Энг қувонарлиси, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови бугун ўғил-қизларимиз азиз Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзларини дахлдор деб билаётганларини, Ўзбекистон ёшлари ҳаро соҳада илғор эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Президенти мана шу ёшларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди. Бу жиҳатлар мактаб ўқувчилари ёзган ижодий ишларда ўз аксини топди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, янгича форматдаги “Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови ўтган беш йилда таълим соҳасида амалга оширилган тарихий ўзгаришлар бугун ўз самарасини бера бошлаганини яққол кўрсатиб берди. Буни ўғил-қизларимизнинг халқаро фан олимпиадалари ва танловларида юксак натижаларни қўлга киритаётганлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Мазкур танлов жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойлари давомида 4 босқичда ўтказилди. Унда 9 минг 872 та мактабда таълим-тарбия олаётган 600 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этди. Танловда иштирок этган ўғил-қизлар орасида ўзбек тилидан ташқари рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида ҳам иншо ёзган ўқувчилар борлиги шу азиз Ватанимизга миллатидан қатъи назар ҳар бир боланинг меҳри беқиёс бўлиб ўсаётганидан далолатдир.
Таъкидлаш жоизки, 4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг мамлакатимиз туманлари ва шаҳарлари миқёсида ўтказилган 2-босқичида 600 минг нафарга яқин ўқувчи орасидан тегишли мезонлар асосида саралаб олинган 9 минг 894 нафар ўқувчи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган 3-босқичида эса 207 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўқувчилар танловнинг қуйи босқичларида “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда”, “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” ва “Менинг Президентим” мавзуларида ижодий салоҳиятларини намоён этдилар.
“Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг республика босқичи 2021 йилнинг 21-24 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Танлов дастурига асосан, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 45 нафар ўқувчи ва 14 нафар кузатувчилар тантанали равишда кутиб олиниб, Ўзбеекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод Плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Санаторийда иштирокчилар учун барча шарт-шароитлар таъминлаб берилди.
Танловнинг республика босқичи доирасида ўқувчиларнинг Ўзбекистон Парламенти аъзолари ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлари ташкил этилди. Хусусан, ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда намоён этиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларига ташриф буюрдилар.
Шундан сўнг, иштирокчиларнинг шаҳримиз марказидаги замонавий бунёдкорлик намунаси бўлган Tashkent Cityга саёҳатлари ташкил этилди.
Дастурга мувофиқ Парламент вакиллари, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан ўтказилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов “Янги Ўзбекистон меъмори” мавзусидаги маърузаси билан очиб берди.
Кун давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Янги Ўзбекистон учинчи Ренессанс остонасида” мавзусида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи, журналист Ҳуршид Дўстмухаммад “Китобхонлик маданияти ва баркамол инсон тарбияси” мавзусида, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор – Минхожиддин Хожиматов “Янги Ўзбекистон маънавий тараққиёти концепцияси” мавзусида, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири Муқимжон Қирғизбоев “Янги Ўзбекистонда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги” мавзусида, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоатчилик, маҳалла ва нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор Рустам Каланов “Нуронийлар эъзозланган юрт” мавзусида, Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтлидир” мавзусида, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттаханова “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкори” мавзусида маърузалар қилдилар. Учрашув давомида ўқувчилар билан интерактив мулоқот шаклида суҳбат ҳам ўтказилиб, ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
23 декабрь куни танловнинг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацйиясида “Менинг Президентим” мавзусида иншо ёздилар. Уларнинг ижодий ишларини баҳолашда иншонинг режа ва мақсадлари, ислоҳотларнинг моҳиятини тўлиқ очиб берилганлиги, сиёсий атамалардан ўринли ва тўғри фойдаланилгани, сўз бойлиги ва ифода қурилиши, ҳуснихат ва иншо услуби адабий тил талабларига мослиги ҳамда саводхонлиги, имло ёки ишораларнинг бехатолиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча ижодий ишлар, яъни иншолар нуфузли хакамлар хайъати аъзолари томонидан муносиб ва холисона баҳоланди. Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг Республика босқичи иштирокчилари орасидан 1-, 2-, ва 3-ўрин соҳиблари ҳамда 12 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, танловнинг республика босқичида 3-ўринга 2 нафар ғолиб муносиб кўрилди. Булар: Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси – Рустамова Марварид Умирбек қизи ҳамда Бухоро вилояти Жондор туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси – Тўраева Жасмина Суннатулло қизи.
3- ўринни эгаллаган ғолиблар 3-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдлек, танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда уларнинг 2 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилади.
“Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг республика босқичида 2-ўринга ҳам 2 нафар иштирокчи муносиб деб топилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси – Сарибаева Гулферуз Боранбай қизи ҳамда Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси – Исматиллаева Чинигул Шавкатовна 3-ўринни эгалладилар. Улар 2-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда уларнинг 3 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилади.
“Менинг Президентим” ижодий ишлар танлови Республика босқичининг мутлоқ ғолиби, яъни 1-ўрин соҳиби Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси – Абдуҳамидова Раъно Атҳамбой қизи бўлди. У 1-даражали диплом билан тақдирланди. Танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда унинг 4 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма мукофот сифатида тақдим этилади.
Шундан сўнг ғолиб ўқувчиларнинг устозлари тақдирланди. Хусусан, танловнинг Республика босқичида 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг устозлари 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳибларининг устозлари 20 миллион сўм, 1-ўрин соҳибининг устози 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ғолиб ўқувчилар таҳсил олаётган мактабларнинг раҳбарлари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилиб, уларга совға тариқасида ноутбуклар тақдим этилди.
Шунингдек, тантанали тадбирда ҳакамлар ҳайъати таклифи билан жорий этилган номинациялар ғолиблари ҳам тақдирланди. Хусусан, “Ёшларга оид давлат сиёсати ёритилган энг яхши иншо”, “Ҳудудлардаги ислоҳотлар кенг ёритилган иншо”, “Ижтимоий – иқтисодий ислоҳотлар кенг ёритилган иншо”, “Гендер тенглик масаласи кенг ёритилган иншо”, “Маънавий – маърифий мавзудаги энг яхши иншо”, “Ўзбекистондаги янги тараққиётни кенг ёритган иншо”, “Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон мавқеи кенг ёритилган иншо”, “Инновацион ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари кенг ёритилган иншо”, “Ватан ҳақида энг самимий дил изҳорлари битилган иншо”, “Толерантлик ва илғор ғоялар кенг талқин этилган иншо” номинациялари бўйича ғолиб бўлган ўқувчиларга замонавий смартфонлар топширилди.
Бир сўз билан айтганда “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловида иштирок этган барча ўғил-қизларни ғолиб десак, муболаға бўлмайди. Чунки, Ватани ва миллати бахту саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўшиб турган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайди! Шу боис ушбу нуфузли танловининг республика босқичига етиб келган барча 45 нафар иштирокчига ноутбуклар совға қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати