Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

2022 йил учун жамоа шартномасининг умумий макети ишлаб чиқилди

10.01.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг бўлимлари томонидан тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари органларидан олинган таклифлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар асосида 2022 йил учун жамоа шартномасининг умумий макети ишлаб чиқилди.

Макетда 2021 йил давомида ўз кучини йўқотган қатор қонуности ҳужжатлар нормалари олиб ташланди. Айни пайтда, барча ташкилотларнинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолияти “Янги Ўзбекистонни 2022-2026  йилларда ривожлантириш стратегияси”га мувофиқ олиб борилиши белгилаб қўилди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларни етказиб берувчи ташкилотларни танлашда улар меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар (касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркак ва аёл меҳнаткашларга тенг ҳақ тўлаш, меҳнат муносабатлари соҳасида камситмаслик принциплари)га риоя этишлари нуқтаи назаридан лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш иш берувчи зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, макетда “Меҳнат шартномаси, бандлик кафолатлари” бўлимида иш берувчига меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, унга ўзгартиришлар киритишда қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси”да муқаррар равишда рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, мазкур бўлимда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга розилик сўраб киритилган ёзма тақдимнома касаба уюшмаси қўмитасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2021 йил 19 мартдаги 2-37-сонли қарори билан тасдиқланган “Касаба уюшмаси органларида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби” асосида кўриб чиқилиши лозимлиги қайд этилди.

“Иш вақти ва дам олиш вақти” йўналишида амалдаги макетда йилнинг совуқ фаслларида очиқ жойларда ёки иситилмайдиган ёпиқ хоналарда меҳнат қилувчиларга махсус танаффуслар берилиши кўзда тутилган. Янги макетда мазкур норма йилнинг иссиқ фаслида очиқ жойларда меҳнат қилувчи ходимларга нисбатан ҳам қўлланилиши белгилаб қўйилди.

“Меҳнатни муҳофаза қилиш” йўналишида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясига оғишмай риоя этиш талаби киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига асосан ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш, жамоа музокараларини ўтказиш, жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш, унинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш, шунингдек, бошқа локал ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш мақсадида тенг ҳуқуқлилик асосида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича икки томонлама комиссия фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида ишлаб чиқилган айрим меъёрлар жамоа шартномаси макетидан ўрин олди.

Жумладан, ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган, шунингдек, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани белгилаб қўйилди.

Шунингдек макетга :

ходимга коронавирус инфекциясига қарши вакцина олган куни ўртача иш ҳақи  сақланган ҳолда бир кун дам олиш куни берилиши;

фавқулодда вазиятли ҳолатлар юзага келганда, карантин эълон қилинганда иш берувчи ходимнинг розилигига кўра унга иш ҳақини қисман сақлаб қолган холда таътил бериши мумкинлиги киритилди.

2022 йил учун жамоа шартномаси умумий макетининг тўлиқ матни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Интернетдаги веб-Порталида жойлаштирилган.

М.Исаев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири

Click to listen highlighted text!