[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.02.2022. Мамлакатимизда ғазал мулкининг султони, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ва давлат арбоби, саркарда шоир ҳамда олим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 539 йиллиги кенг нишонланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналарда ҳам улуғ аждодларимиз таваллуд кунларига бағишлаб ижодий кечалар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Тармоқ Ёшлар бирлашмаси томонидан ёшларда аждодлар ёдига ҳурмат ва уларнинг қолдирган илмий ва бадиий меросни ўрганишга қизиқишни уйғотиш мақсадида ишлаб чиқилган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳамда атоқли давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди саналари муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар бўйича чора-тадбирлар режаси”га кўра, тармоқ тизимидаги корхоналарда атоқли шоир Алишер Навоий ҳамда давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунлари муносабати билан жойларда ўрнатилган ҳайкаллари пойига гул қўйиш маросимлари, “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” кечаларини ўтказиш, ишчи-ходимлар ўртасида “Алишер Навоий асарлари менинг нигоҳимда” номли суратлар кўргазмасини ташкил этиш ва меҳнат жамоаларидаги ёш ишчи-ходимларни жалб қилган ҳолда жойларда адабиётшунос олимлар, санъат усталари, буюк сиймолар образини яратган санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этиш белгилаб олинди.

Шундай тадбирлардан бири тармоқ тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖда ўтказилган “Халқ маънавиятининг қуёшлари” мавзусидаги тадбирда мутафаккирлар ҳаёти ва ижодларига бағишланган чиқишларда, улар амалга оширган ишлар жамият фаровонлиги ва давлат равнақига қўшган ҳиссалари ҳамда авлодларга қолдирган ижодий мерослари ҳақида сўз юритилди. Тадбир иштирокчилари ўзлари ёд олган ғазаллардан ўқишди ва саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тадбирлар доирасида корхонада “Ғазалхонлик” танлови эълон қилиниб, танлов шартларига кўра иштирокчилар буюк сиймоларнинг ижод намуналарини ёд олиб, ифодали ўқиш орқали видеоролик тайёрлаш синовидан ўтдилар. Танлов якунларига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар эсдалик совғалари, пул мукофотлари ва диплом билан тақдирландилар. Шунингдек, барча фаол иштирокчиларга корхона касаба уюшмаси томонидан рағбатлантирувчи совғлар тақдим этилди.

Ш.Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси