17.02.2022. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчи касбини улуғлаш, жамиятда устоз ва мураббийларнинг нуфузини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Соҳанинг қонуний негизини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилиниб, тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда касаба уюшмалари ҳам давлат идоралари билан ижтимоий шериклик асосида усоз ва мураббийлар ижтимоий ҳимояси борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш, уларнинг касбий фаолияти билан бир қаторда шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш борасидаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш мавзусида йиғилиш ташкил этди.
Йиғилиш Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Р.Бедилов раислигида, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Р.Каримжонов, Республика кенгаши раисининг ўринбосарлари, аппарат ходимлари, тармоқ касаба уюшмасиннг ҳудудлардаги масъул ташкилотчилари, Тошкент шаҳар бўлинмаси кенгаши ҳамда туман (шаҳар) кенгаши мутасаддилари иштрокида онлайн форматда Zoom платформаси орқали ўтказилди.
Йиғилиш давомида мактаб маъмурияти ҳамда педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишлар, тадбирлар ва мажлисларга жалб этмаслик устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уларни фаолиятидан ташқари бўлган бошқа бирор бир ишга мажбурлаш элементларини тезкор аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш, ўқитувчиларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, ходимларни, хусусан, ўқитувчиларни хизмат мажбуриятидан ташқари ишларга жалб этиш ёки мажбурлаш Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3907-сонли қарори билан тақиқланганлигига алоҳида урғу берилди.
Мазкур масалада Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг жойлардаги масъуллари ўртасида янада мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, ҳамкорликда ишларни ташкил этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.