[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.02.2022. Меҳнат фаолияти давомида таътилга чиқмаган фуқароларга компенсация пуллари ундириб берилди.

Шароф Рашидов тумани «Тинчлик» МфЙ Уч қиз қишлоғида яшовчи Худоёр Ражабов ҳамда Гавҳар Ражабовалар фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация ундиришда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига мурожаат қилди.

Ариза мутахассислар томонидан ўрганилди. Унга кўра, Худоёр Ражабов тумандаги 44­сонли мактабда 1985 йилнинг сентябрь ойидан хўжалик ишлари бўйича мудир, Гавҳар
Ражабова эса шу мактаб га 1999 йилнинг сентябрь ойидан қоровул вазифасига ишга қабул қилинган.

Худоёр Ражабов 1985­2021 йиллардаги меҳнат фаолияти давомида 30, Гавҳар Ражабова эса 1999­2019 йиллар учун 19 йиллик меҳнат таътилига чиқмаган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Жиззах вилояти кенгаши томонидан иш берувчига, жабрланувчи Гавҳар Ражабованинг фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътиллари учун тўланадиган 31085483 (ўттиз бир миллион саксон беш минг тўрт юз саксон уч) сўм, Худоёр Ражабовга 61885440 (олтмиш бир миллион саккиз юз саксон беш минг тўрт юз қирқ минг) сўм тўлаб бериш ҳақида 2021 йилнинг 7 декабрь куни 01­08/1430­сонли тақдимнома киритилди.

Бироқ иш берувчи тақдимномани кўриб чиққани тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Жиззах вилояти кенгашига маълумот бермагани сабабли низони суд тартибида ҳал қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди. Суд ишни кўриб чиқиб, жавобгар томонидан Худоёр Ражабов ҳамда Гавҳар Ражабоваларга юқорида кўрсатилган суммани тўлаб бериш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилди.

Сардор Мўминжонов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилояти кенгаши
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси