[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.04.2022. Яқинда пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида мамлакатимиз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилган эди.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан келиб тушган 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар таҳлил қилиниб, “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган 5 йилда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган аниқ кўрсатмалар натижасида соҳада сезиларли натижаларга эришилмоқда. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида шифохоналар, поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларидаги шароитлар билан бевосита танишиб, замонавий клиникалар қуриш бўйича топшириқлар бердилар. Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳам соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, тармоқ касаба уюшмаси томонидан фаолиятнинг устувор йўналишларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олиниб, соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳудудлардаги масъул ташкилотчилари томонидан белгиланган функцияларнинг бажарилиши ҳолати ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан тушган таклифларни таҳлил этган ҳолда Республика Кенгаши томонидан 2021 йилнинг февраль ойида тармоқ касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ташкил этилди. Шунингдек, тармоқда ходимларнинг меҳнатга оид, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича иш ҳажмининг ортганлиги сабабли Республика Кенгашининг Тошкент шаҳар бўйича меҳнат ҳуқуқ ва меҳнат техник инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ўз фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда янгича йўналишда олиб бормоқда. Хусусан, тармоқ тизимидаги тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмасига жалб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари бўйича олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида янги ташкил этилган касаба уюшмаси ташкилотларига таъсис ҳужжатларини расмийлаштиришда, фаолиятни тўғри йўлга қўйишда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш тартибига қатъий амал қилиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, мақсадида меҳнат инспекциялари томонидан ўтган 2021 йил давомида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Иш берувчилар ва уларнинг вакиллари, касаба уюшма фаоллари ҳамда ходимларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича хабардорлиги ва салоҳиятини ошириш мақсадида меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат муҳофазаси бўйича инспекторлар томонидан ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Мазкур ўқув семинар ва давра суҳбатларида ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилишга доир ҳақ-ҳуқуқлари, шунингдек, уларнинг мажбуриятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Таъкидлаш зарурки, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларига 2021 йил давомида 9293 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 6543 таcи қаноатлантирилди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши  томонидан ижтимоий шериклар билан худудий Тармоқ келишуви ва Жамоа шартномаларини тузиш, томонларнинг мажбуриятларни бажариш бўйича ҳисобдорлигини ошириш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, бу борада жамоатчилик назоратини ташкил қилиш борасида ҳам бир қанча ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан 2021-2023 йилларга мўлжалланган Тармоқ Келишуви тузилган бўлиб, ушбу ҳужжат меҳнаткашлар манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида 2021-2023 йилларга тузилган Тармоқ келишувига мувофиқ ўтган йилнинг 12 май куни Халкаро ҳамширалар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Мамлакатимизда ўрнатилган карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ўтказилган мазкур тадбирда тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келаётган ўрта тиббиёт ходимлари орасидан “Йилнинг энг яхши ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши муолажа ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси” каби номинацияларда ғолиб деб топилган ҳамширалар диплом ва кимматбахо совғалар билан тақдирландилар.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Тиббиёт ходимлари куни” касб байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилиб, “Йилнинг энг яхши шифокори” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида 39 та номинация бўйича 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган жами 22 нафар ғолиб тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгашининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жамоа шартномаларига ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирувчи меъёрлар, иш ҳақи миқдорини оширишни назарда тутувчи бандлар, иш вақти ва дам олиш вақти соҳасида қўшимча имтиёзлар, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар киритилиши натижасида жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходимга 1 йил давомида иш ҳақидан ташқари сарфланган маблағ миқдори 2021 йилда Тошкент шаҳри бўйича ўрта ҳисобда 7 миллион 775 минг 459 сўмни ташкил этди.

Жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида:

Пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;

Ходимларни юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;

 – Ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатиш;

 – Ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га байрамлар арафасида моддий ёрдам бериш;

Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш;

Тармоқ корхоналарида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаш;

Кам таъминланган ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида ходимларга ижтимоий кўмак кўрсатилиб,  моддий ёрдамлар ажратиб келинмоқда.

Ўтган йил давомида 1055 нафар тиббиёт ходимига дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга имтиёзли йўлланмалар берилди. Шу жумладан, 100 нафар кам таъминланган тиббиёт ходимлари, соҳа тизимида меҳнат қилаётган ишловчи пенсионерлар, кўп болали касаба уюшма аъзолари ҳам ушбу йўлланмалардан баҳраманд бўлдилар.

Республикада белгиланган байрамларнинг биринчи кунларида иш графиги асосида ишлаганлик, ёҳуд иш берувчининг фармойишига асосан шу кунларда ишга жалб этилган барча ходимларга, шунингдек, дам олиш (якшанба) кунлари ишлаган, ёҳуд сменада турган ходимларга икки ҳисса миқдорида иш хақи тўланмоқда.

Ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимлар учун 2021 йил давомида иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан яратилган меҳнат шароитлари, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, иш берувчилар томонидан меҳнатни мухофаза қилишга сарфланган маблағлар, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талабларини бажариш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилиб, амалий ёрдамлар берилди.

Рақамларга мурожаат этсак, Тошкент шаҳри миқсида ҳар бир ходимга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сарфланган ўртача маблағ миқдори 2 млн. 485 минг 618 сўмни ташкил этганини кўришимиз мумкин. Хусусан, иш берувчилар томонидан ходимларни 2021 йил давомида махсус кийим-бош, махсус пойабзаллар, гигиена ювиш воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, хусусан, бир марталик қўлқоп, ниқоб, фартук, респираторлар билан таъминлаш мақсадларига тегишли маблағлар йўналтирилди.

2021 йилда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурида белгиланган бандлар ижросини таъминлаш масаласи ҳам Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши диққат марказида бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таьминлаш мақсадида касаба уюшма ташкилотларида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини турли спорт ўйинлари ва жисмоний машқларга қизиқтириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт-соғломлаштириш тадбирлари орқали уларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш ва аъзо ташкилотлар ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Ички туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Янги Ўзбекистон буйлаб саёхат кил!” шиори остида соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси билан таништириш ҳамда касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари ўртасида фаолиятнинг устувор йўналишлари ва ижтимоий шериклик масалаларида ўзаро тажриба алмашишни таъминлаш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан 200 нафар тиббиёт ходими учун Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

Кам таъминланган тиббиёт ходимлари, хусусан, ҳамширалар фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдиришни ташкил этиш мақсадида улар учун West Camp оромгоҳига бепул йўланмалар ажратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ўз бурчи ва қасамига содиқ қолиб, коранавирус пандимиясига қарши курашиш ишларида фидойилик кўрсатиб келаётган соғлиқни сақлаш ходимлари, шу жумладан, соҳада меҳнат қилаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ходимлар ва ёлғиз оналарнинг фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва маънавий рағбатлантириш мақсадида шу тоифадаги тиббиёт ходимларининг 1400 нафар фарзандлари учун ўқув қуроллари ва дарсликлар совға қилинди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни байрамининг 1-йиллиги тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларида кенг миқёсда нишонланди ва фаол касаба уюшма ходимлари, фахрийлар тақдирланди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 2021  йилнинг 9 ноябрь кун “11 ноябр – Касаба уюшмалари куни” муносабати билан бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ҳамда касаба уюшма фаолларидан иборат 270 нафар ходим Фахрий ёрлиқлар хамда қимматбахо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, улар учун Ўзбек Миллий Академик драма театрида маънавий-маданий тадбир ташкил этилди.

Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги нодавлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва хуқуқий манфаатларини химоя қилиш, соҳага оид нодавлат ташкилотларини касаба уюшмаси аъзолигига жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ходимлар меҳнатини мухофаза килиш, тиббий кўрикдан ўтганда ходимлар чиқимдор бўлмаслиги, иш жойларини шаҳодатдан ўтказиш, тиббиёт ходимларини махсус кийим-бош билан иш берувчи томонидан таъминланиши каби долзарб масалаларга эътибор кучайтирилиб, жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

– Фаолият йўналишларида олиб борилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мехнаткашларнинг ўз хақ-хуқуқларини яхши билишлари турли қонун бузилишларининг олдини олишда муҳим омилдир, – дейди биз билан суҳбатда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Тошпўлатова. – Шу боис ҳам жойларда, тиббиёт муассасаларида, меҳнат жамоаларида мунтазам равишда тиббиёт ходимларининг миллий ва халқаро меҳнат стандартларидан хабардорлик даражасини ошириш, меҳнат ҳуқуқлари бўйича салоҳиятларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув семинарлари, учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, меҳнаткашлар, касаба уюшма аъзоларининг фикр ва мулохазаларини инобатга олган ҳолда 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларни белгилаб олганмиз.

Ҳақиқатдан ҳам белгилаб олинган вазифаларнинг кўлами кенг. Булар:

– “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ва меҳнат соҳасига оид бошқа қонунларда белгиланган ваколатлар доирасида меҳнаткашларнинг меҳнат соҳасидаги хуқуқлари  ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш;

– ижтимоий шериклик тамойиллари асосида иш берувчилар ва уларнинг вакиллари, касаба уюшма фаолларининг ижтимоий-иқтисодий, меҳнатга оид хуқуқий ва меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини ошириб боришни такомиллаштириш ва бунда малака оширишнинг замонавий ҳамда самарали  усулларидан кенг фойдаланиш;

– касаба уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари бўйича ҳамда соҳа ходимларининг касбий имиджларини оширишга қаратилган кўрик–танловлар ўтказиш амалиётини тизимли давом эттириш;

– нодавлат сектори корхоналарида касаба уюшмасини тузиш йўли билан  меҳнаткашларни аъзоликка жалб этиш, янги ташкил этилган бошланғич касаба уюшма ташкилотларига фаолиятини тўғри йўлга қўйишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

– касаба уюшма аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ходимларга жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар яратиб бериш, уларни турли спорт секциялари ва тўгаракларига жалб этиш, меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикасини жорий этиш ҳамда жисмоний тарбия жамоалари фаолиятини йўлга қўйиш, маънавий маърифий ва  спорт тадбириларини ўтказиб бориш;

– касаба уюшмасининг мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида ахборот тарқатувчи ресурслар имкониятларидан кенг фойдаланиш, бунда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро хамкорликдаги ишларни кенгайтириш йўналишларидаги ишларни ўз ичига олади.

Энг муҳими, тармоқ касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши  ўз олдида турган катта вазифа – ҳар бир ходим манфаатини ҳимоялаш учун масъулликни теран англаган ҳолда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва хуқуқий манфаатларини химоялаш борасида изчил иш олиб бориш йўлида изланишдан тўхтамасликни асосий мақсад деб биладилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари