25.04.2022. Хива тумани тиббиёт бирлашмасининг ходими – врач-статист Дилдора Матназарова Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгашига мурожаатида иш ҳақини белгиланган разрядда олмаётганини билдириб, ушбу муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўраган эди.
Касаба уюшмаларининг аралашуви билан ушбу масала қонуний тартибда ҳал қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига кўрсатма хати киритилди. Д.Матназаровага 3428963 сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Ирода Раззоқова Хива тумани тиббиёт бирлашмасида рентген-лаборант вазифасида ишлайди. Бирлашма маъмурияти томонидан ходимнинг ойлик маошига қўшимча 40 фоиз устама ҳақи тўлаб берилмасдан келинган.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши томонидан ҳолат бўйича Хива тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига кўрсатма хати киритилди. Натижада И.Раззоқовага 8643000 сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилишига эришилди.
Бу каби ноҳақликларнинг олдини олиш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгаши томонидан иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилигига доир билимларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Иш берувчилар, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари, кадрлар бўлими бошлиқлари иштирокида кўплаб давра суҳбатлари, семинарлар ташкил қилинмоқда.
Ўйлаймизки, иш берувчилар бу тадбирлардан хулоса чиқариб, ходимлар билан қонун талаблари асосида муносабат ўрнатадилар ва меҳнатига яраша ҳақ тўлайдилар.
Расулбек Аллаберганов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хоразм вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори