29.04.2022. 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ОКМК ходимлари касаба уюшмаси томонидан “Меҳнат муҳофазасининг ижобий маданиятини биргаликда шакллантирамиз” шиори остида тадбир ҳамда ўқув-семинар ташкил этилди.
Дастлаб, тадбирга ташриф буюрган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлим мудири Ҳамидулла Премқулов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназаровалар Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси ҳамда Марказий таъмирлаш механика заводида амалга оширилган ишлар билан танишишди.
Меҳмонлар мазкур корхоналарнинг касаба уюшмаси қўмиталари ҳамда маъмурияти билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларини кўришди. Жумладан, корхоналардаги кўргазмали материллар, касаба уюшмаси қўмитаси фаолияти, меҳнатни муҳофаза қилиш ходимлари фаолияти, иш ўринлари, иш тақсимлаш хоналари, ишчилар учун яратилган ижтимоий шароитлар (ошхона, тиббиёт хонаси, маънавият хонаси ва тадбирлар ўтказиш зали) билан танишдилар.
Шундан сўнг, Марказий таъмирлаш механика заводида мажлислар залида маънавий-маърифий тадбир бошланди. Унда меҳмонлар ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров иштирок этишди.
Тадбирда комбинат ходимлари касаба уюшмасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш” мадҳияси билан бошланди. Мадҳия сўзларининг муаллифи – Шахтақурилиш бошқармаси ходими Аъзам Зиё, бастакор “Металлург” МС ходими Улуғбек Аманов, мусиқа сайқалчиси эса Фаррух Шербўтаев. Мадҳияни “Металлург” МС директори Саҳобиддин Юнусалиев, Олмалиқ шахар 8-сонли болалар мусиқали мактаби ўқитувчиси Севара Маҳкамовалар ижро этди.
Сўнгра, ишчи-ходимларга бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, уларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада ошириш каби тизимли ишларни амалга оширишда ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишларни тўғри ташкиллаштиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлиги муносабати билан “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси раёсати қарорига кўра, комбинат таркибий бўлинмаларидаги 30 нафар Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар, Меҳнат муҳофазаси комиссия аъзолари эсдалик совғалари билан мукофотланишди.
Тадбирда касаба уюшмаси томомнидан сураътга олинган меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини акс эттирувчи видеоролик намойиши иштирокчилар ҳукмига ҳавола этилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 300 миллиондан зиёд бахтсиз ҳодиса, 160 миллион касб касалликлари рўйхатга олиниб, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва касб касалликлари сабабли 2 миллион 780 минг аёл ва эркак ҳалок бўлмоқда, ҳар куни ўртача 6 минг 500, ҳар 15 сонияда бир нафардан одам ҳалок бўляпти. Жароҳатланиш оқибатида ходимларнинг учдан бир қисми 4 иш кунидан ортиқ иш жойида бўлмаслик билан иқтисодиётга зарар келтирмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳар йили иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ходисаларнинг ярми қишлоқ хўжалиги соҳасида, яъни бутун дунё иш кучининг деярли ярмиси машғул бўлган соҳада кузатиляпти. Бахтсиз ҳодиса оқибатида ва ишлаб чиқаришдаги зўриқиш билан ўлаётганлар инфекцион касалликлар билан ҳалок бўлаётганлар сонига тенг. Тадқиқотларга кўра, Европада 50 дан 60% гача иш вақти йўқотилиши ишлаб чиқаришдаги стресс билан боғлиқ.
“Металлург” МСнинг “Калейдоскоп” бадиий жамоаси ижросидаги “Металлурглар” номли рақс, “Эдельвейс” халқ рақс ансамбли аъзолари томонидан комбинат ишчи-ходимларининг махсус униформалари намойиши (Дефиле) ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Соҳага оид савол-жавоблардан иборат бўлган совринли викторина ҳам қизиқарли бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси юридик бўлим мудири Ҳамидулла Премқулов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназаровалар томонидан ташкил этилган ўқув семинарида ҳам иштирокчилар соҳага оид билим ва кўникмаларини бойитишди. Семинар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни тадбиқ этилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар”, “Ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар жароҳатланишлар ва касб касалликлари таҳлили”, “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб ускуналари жароҳатлаш ҳафталиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш” мавзуларидаги маърузалар тингланди.
Баҳс-мунозаралар бой бўлган семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга маъсуллардан батафсил жавоб олишди.
Сайёра Джураева
ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси комиссияси раиси