[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.04.2022. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонлар, кекса авлод вакиллари, ногиронлиги бор инсонларни қадрлаш, уларга эъзоз кўрсатиш олий қадрият даражасига кўтарилди. Турли байрамлар арафасида отахон ва онахонлар, ёлғиз ва боқувчиси йўқ кексалар, пенсионерлар холидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари анъанага айланди.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, корхона, ташкилот ва муассасаларда кўп йиллар меҳнат қилиб, эндиликда кексалик гаштини сураётган инсонлар, ишловчи пенсионерлар, меҳнаткашларнинг пенсиядаги ота-оналари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, бой ҳаётий тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ёш авлод вакилларига ибрат намуналарини кўрсатиш йўналишларида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Саҳийлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазон ойида Ўзбекистон Републикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорлигида тизимда кўп йиллар фаолият кўрсатган меҳнат фахрийлари, ишлаб турган пенсионерлар учун бир пиёла чой устида  “Кекса авлод вакиллари ҳамиша ардоғимизда” мавзуидаги давра суҳбатини ташкил этилди.

Тадбирга мамлакатимиз равнақи, унинг янада гуллаб-яшнаши, шунингдек энергетика ва нефт-газ тармоғи ривожи йўлида кўп йиллар меҳнат қилган фахрийлар, бой иш тажрибаси билан бугунги кунда ҳам соҳада меҳнат қилиб, кўплаб шогирдлар етиштираётган инсонлар таклиф этилди. Улар ўзлари босиб ўтган ҳаёт ва фаолият йўллари, Президентимиз ташаббуслари билан бугунги доруломон кунларда энергетика, нефт ва газ, геология соҳалари ривожи йўлида амалга оширилаётган катта кўламдаги ислоҳотлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эҳтиром, ёш мутахассислар учун яратиб берилаётган имкониятлар хусусида тўлқинланиб сўзладилар.

Ўз навбатида ижтимоий шериклар ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамкорлигида меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояталаб ёлғиз кексалар, пенсионерларнинг ижтимоий иқтисодий-манфаатларини ҳимоялаш билан бирга уларнинг жамият ҳаётига интеграциялашувини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали уруш ва меҳнат фахрийларига, кўп болали, кам таъминланган ва ёш оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг маданий дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш ишларини янадакучайтириш, корхона, ташкилотларда бошланғич касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ҳамкорлигида ҳозирда нафақада бўлган меҳнат фахрийларини рағбатлантириш, уларни маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш борасидаги ишларни давом эттириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Тизимда кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бор инсонлар холидан хабар олиш, “Наврўз”, “Мустақиллик”, “Рамазон ҳайити”, “Қурбон ҳайити” каби байрамлар арафасида уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишлари доимий эътиборда эканлиги қайд этилди.

 Ўзбекистон касаба уюшшмалари Федерацияси Матбуот хизмати