20.05.2022. Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини оммавий спортга кенг жалб этиш, бу орқали меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, меҳнаткашлар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Республика Кенгаши томонидан соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ташкил этилаётган спартакиада ва турнирлар, оилавий спорт мусобақалари фикримиз далили бўла олади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўз ижтимоий ҳамкори бўлган Энергетика вазирлиги ва тармоқ касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки ташкилот ходимлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ишлари билан бир қаторда уларни спортга ошно этиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 18-20 май кунлари Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Энергетика вазирлиги ходимлари жамоалари ўртасида футбол бўйича ўртоқлик учрашувлари ўтказилди.
Эрта тонгдан қизғин ва кўтаринки кайфиятда ўтган ушбу мусобақалар соҳа ходимларининг кун давомидаги иш самарадорлигини оширишга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Бу каби мусобақалар бундан буён ҳам тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг меҳнат жамоалари ўртасида мунтазам равишда ўтказилади.