20.05.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бунёд этамиз!» шиори остида ўтказилаётган Республика эсселар танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Унда пойтахтимиздаги 40 га яқин олий ўқув юртидан танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларида иштирок этиб, сараланган 100 нафардан зиёд талаба қатнашди.
Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи иштирокчилари бугунгача олган билим ва кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган янгиланишлар, инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижаларини қандай тушунишлари, ушбу жараёнларда ёшларнинг иштироки, Ватан тақдирига дахлдорлик, инсонийлик каби хусусиятларга муносабатларини ўзбек, инглиз, рус ва қорақалпоқ тилларида баён этдилар.
Таъкидлаш зарурки, мазкур ҳудудий босқичда талабаларнинг энг муносиблари ижодий қобилиятларини синовдан ўтказдилар. Улар ўз ижодий ишларида дилларида сақлаб келаётган сўзларини, келгусидаги мақсад ва орзуларини акс эттирдилар. Мамлакатимизда инсон учун, унинг қадри учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида тўлқинланиб ёздилар.
Ҳар бир иштирокчи талаба ёшлар қаламига мансуб эсселар махсус ҳакамлар ҳайъати томоиндан муносиб баҳоланди.
Танловнинг мазкур шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган уч нафар талаба республика босқичига йўлланма олди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати