25.05.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда «Прогнозлаш ностандарт банд бўлган ходимлар фаолиятини самарали стратегик режалаштириш ва ташкил этиш воситаси сифатида» мавзуида тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этган мазкур тренингда асосий эътибор норасмий банд бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва касаба уюшмалари сафига жалб этиш масаласига йўналтирилган ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишга қаратилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти олтита тармоқ, хусусан, транспорт ва қурилиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси, маданият ва спорт, туризм, агросаноат мажмуи ва ахборот технологиялари тармоқлари корхона ва ташкилотлари касаба уюшмалари вакиллари учун қўшни Қирғизистон Республикасидаги ҳамкасблари билан пандемиядан кейинги даврда меҳнат бозорининг янги воқеликларини ўрганиш ва тажриба алмашиш имкониятини яратдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайланганидан сўнг Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бу борада юксак натижаларга эришиш бўйича қатъий қадамлар ташланиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири янги барқарор иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлиги даражасини оширишдир.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида имзоланган, устувор йўналишларидан бири ёшлар, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб вакиллари учун бандлик ва муносиб меҳнат имкониятларини кенгайтириш бўлган «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури» муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Иш берувчилар Конфедерацияси билан ижтимоий мулоқотни йўлга қўйишда локоматив вазифасини бажариб келмоқда. Мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликнинг ёрқин далили сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош келишувни келтиришимиз ўринлидир. Мазкур Бош келишув асосида республика бўйича тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса жамоа шартномалари амал қилмоқда. Ушбу ҳужжатлар миллий уч томонлама мулоқотни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларининг асосий қоидаларини ҳаётга татбиқ этилиши борасида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси расмий иқтисодиётда банд бўлган ходимларни, хусусан, давлат корхона ва ташкилотлари билан бир қаторда хусусий секторда меҳнат қилаётган ходимларни ўз сафларида бирлаштириб келмоқда. Шу билан бирга охирги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ностандарт шаклда банд бўлган ходимларни, шу жумладан, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишчиларни бирлаштириш, улар меҳнатини расмийлаштиришни илгари суриш, ижтимоий ҳимояталаб ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасида фаол иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муносиб меҳнат ҳамда халқаро меҳнат станартларига риоя этиш тамойилларига эришишга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда фаол иштирок этиб келмоқда. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексини ишлаб чиқишда касаба уюшмалари Федерациясининг фаол иштироки фикримиз далилидир.
Охирги йилларда жаҳондаги норасмий иқтисодиётнинг ўсишига COVID-19 пандемияси натижасида юзага келган иқтисодий инқироз сабаб бўлди. Таъкидлаш зарурки, COVID-19 пандемияси муносабати билан киритилган карантин чоралари таъсирини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан кичик бизнес субъектларини мол-мулк ва ер солиғидан озод қилиш, нафақа олувчи болали оилалар сонини кенгайтириш ва фуқароларни бошқа шаклда қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиб, аҳолига ҳар томонлама амлий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ таътиллари ҳамда кредит қарзлари бўйича имтиёзлар тақдим этилиши кўзда тутилган ижтимоий кўмак тадбирлари амалга оширилди. Шу билан бирга коронавирусдан энг кўп зарар кўрган тармоқларга ссудалар ажратилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, 2022 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан асосий устувор вазифаси ижтимоий сиёсатни ривожлантириш бўлган ҳамда аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада ошириш, янги барқарор иш ўринлари ва даромадлар манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, шаҳар ва қишлоқларни янада ривожлантиришга йўналтирилган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси тақдим этилди.
Тренингда Халқаро меҳнат ташкилоти «Норасмий бандликдан расмий бандликка ўтиш» лойиҳаси орқали халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги миллий сиёсат доирасида расмий бандликка ўтиш бўйича интеграциялашган инновацион стратегияларни ишлаб чиқишда кўмак кўрсатиши таъкидланди.
Шунингдек, тренинг давомида иштирокчилар дунёда ўзгаришлар ва ноаниқликларга дуч келаётган бошқа мамлакатлардаги касаба уюшмалари тажрибаси, улар қандай воситалар, усул ва ёндашувлардан фойдаланаётганликлари билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистоннинг ностандарт банд бўлган ходимларни бирлаштириш, мавсумий ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасидаги тажрибаси чет эл касаба уюшмалари вакиллари ҳамда халқаро экспертларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Тренинг якунида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда норасмий банд бўлган ходимлар ва барқарор бўлмаган меҳнат шароитларидаги ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш, бу орқали улар ижтимоий ҳимоясини, меҳнати муҳофазаси ҳамда ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари