08.06.2022. Бугунги кунда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимгидек долзарб ва бирламчи вазифа бўлиб қолмоқда. Юртимизда бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти ходимлари касаба уюшмаси ҳам бу борада салмоқли натижаларни қўлга киритиб келмоқда. 2022 йилнинг 3 июнь куни ўтказилган ҳисобот конференциясида йиллик натижалар сарҳисоб қилинди.
Zoom платформаси орқали онлайн тарзда ўтказилган конференцияда ОКМК раҳбарияти, бўлимлар бошлиқлари, касаба уюшмаси қўмитаси раислари, делегатлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда 48 минг 210 нафар аъзоларига эга бўлган 41 та бошланғич ташкилотлар орқали фаолият юритиб келаётган “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси комбинат ишчиларининг меҳнат шароитини яхшилаш, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, соғломлаштириш ишлари, маданий ҳордиқ чиқариш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиб келмоқда.
2021 йилда жамоа шартномаси бажарилиши юзасидан бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаровнинг ҳисоботи тингланди.
Меҳнат муносабатларида иш берувчи ва касаба уюшмаси ўртасидаги ижтимоий шериклик томонлар манфаатларининг уйғунлиги асосида олиб борилмоқда. Хусусан, биргина ўтган 2021 йил давомида 29699 нафар ходим, улардан 5124 нафар аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга, 7650 нафар ишчи-ходим, пенсионерларга 226 нафар “Диабет” касаллиги билан диспансер ҳисобида турган ходимларга моддий ёрдам ажратилди.
“Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси жамоа шартномасининг 10-бўлимида ишчи-ходимларни жисмоний соғломлаштириш ва спорт ишлари билан шуғуллантиришга асосий эътибор қаратилган. Касаба уюшмаси Иш берувчи билан келишган ҳолда комбинат бўлинмаларида ишдан бўш вақтда ходимларни оммавий спортга жалб этиш мақсадида ҳар бир цехда спорт йўриқчилари тайинлаган бўлиб, уларга белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,64 бараваригача ҳар ой ойлик устама ҳақ тўлаб борилади. 2021 йил давомида спорт тарғиботчилари томонидан 4 683 кишини қамраб олган 195 та спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.
Ёшларнинг маънавий савиясини юксалтириш, дунёқараши ва миллий ўзлигини англашини кенгайтиришга қаратилган ишлар ҳам комбинат ходимлари касаба уюшмасининг асосий эътиборида. “Металлург” маданият саройида 4 ёшдан 25 ёшгача бўлган 488 нафар ёшларни қамраб олган 26 та бадиий ҳаваскорлик жамоалари доимий асосда фаолият кўрсатиб, ҳисобот даврида 499 та турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ходимларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларда ватанга садоқат ҳиссини сингдириш мақсадида комбинат касаба уюшмаси томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” шиори остида 2 564 нафар комбинат ишчи-ходимларини юртимизнинг Фарғона, Хива, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёхат қилишди. Ички туризмда иштирок этган меҳнаткашларимиздан 904 нафари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўмаги билан саёҳатдан баҳра олиш имконига эга бўлишди.
Конференция сўнгида, “Инсон қадри учун” тамойили асосида фаолият юритаётган “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмасининг олдида турган устувор вазифалардан келиб чиқиб, келгуси режалар ва мақсадлар белгилаб олинди.
ОКМК ходимлари касаба уюшмасининг 2021 йил жамоа шартномаси бажарилиши қониқарли деб топилди.
Феруза Базарова
“Олмалик КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси аппаратининг ижтимоий химоя буйича мутахассиси
https://www.youtube.com/watch?v=mOYdCDn6QLE
https://youtu.be/zir2F47n-PQ