[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.07.2022. “Олмалиқ КМК” АЖ Марказий таъмирлаш-механика заводида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси доирасида бўлиб ўтган тадбир шундай шиор остида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон қаҳрамони, “Қалмоққир” кон бошқармаси меҳнат фахрийси Жонсаид Турдиев, Ўзбекистон Либерал демократик партияси Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Баҳодир Миралимов, ОКМК ишчи-ходимлари, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этдилар.

Муҳокамалар жараёнида сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган янгиланишлар, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.  Муҳокамаларда сўзга чиққан “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмасининг бош меҳнат ҳуқуқ инспектори Миршоҳид Мавлонов, Мис бойитиш фабрикаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Улуғбек Алимов, Марказий таъмирлаш-механика заводи ходими Рустам Аҳмедов, Ижтимоий объектлар бошқармаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Фароғат Маткаримова, ОКМК ходимлари касаба уюшмасининг хотин-қизлар масалалари бўйича комиссияси раиси Вилоят Давлетова ва Жисмоний тарбия-спорт бўлими мудири Ҳоким Бохиров Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.

– Бугунги кунда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда жамиятимизнинг барча вакиллари фаол бўлиб, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этмоқдалар, -деди ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров. – Давлатимиз раҳбари аҳолининг бундай фаоллигини, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳиссини юксак баҳолаб, конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдириб, Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда тўртта устувор йўналиш бўйича таклифларини илгари сурдилар.

Хусусан, Президентимиз томонидан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Иккинчи йўналишда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғоя илгари сурилди. Маълумки, ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари яратиб беради, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди. Шу боис бу йўналишда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асрашга оид таклифлар билдирилди. Учинчи йўналиш Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш ҳақида бўлди. Бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиши, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар ўз ифодасини топади. Тўртинчи йўналиш мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини кучайтиришга қаратилгани билан жуда муҳимдир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси юзасидан биринчилардан  бўлиб ўтказилган жамоатчилик эшитуви Олмалиқ кон-металлургия комбинатида меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларини ҳам фаолликка чақирди. Бундан келиб чиққан ҳолда комбинат ишчи-ходимлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Меҳнаткашлардан келаётган таклифлар ОКМК ходимлари касаба уюшмаси қошида ташкил этилган штаб ва Ишчи гуруҳи томонидан жамланиб, Касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари комбинатнинг бошқа таркибий бўлинмаларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Умида Джалилова

ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши  ташкилий масалалар бўйича етакчи мутахассиси