[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.07.2022. Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шахар бўлинмаси Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг лойиҳаси ва унга берилган таклифлар муҳокамасига бағишланган жамоатчилик эшитуви – тарғибот тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, туман халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмасининг туман бўлинмалари кенгашлари раислари, олий ўқув юртларининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари ва фаоллар иштирок этдилар.

– Бугунги кунда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дея таъкидлади тадбирда сўз олган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши раиси Абдухалил Рахмонов. – Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, жорий йилнинг 25 июнидан бошлаб умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Айни кунларда мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат жамоалари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда инсон қадри ва ҳуқуқларининг ҳимояси ҳамда ижтимоий муҳофазани кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш масалалари ўз аксини топган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Ғойибназарова, Мирзо Улуғбек тумани Адлия бўлими масъул ходими Аброр Бердиев, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Зулайҳо Камолхўжаева мавзу засидан сўзга чиқиб, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, муҳокамалар жараёнида фаол иштирок этган педагог ходимлар ҳам ўз таклифларини билдирдилар.

Қайд этиш зарурки, бугунги кунда пойтахтимизнинг ҳар бир туманидаги таълим муассасаларининг меҳнат жамоалари – касаба уюшма аъзолари  Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу орқали педагог ходимлар Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб, мамлакатимиз келажаги учун жон куйдириб, ўз Ватанимиз тақдирига дахлдорликларини намоён этмоқдалар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати