08.07.2022. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан “Муносиб меҳнат шароитларини яратиш – иш берувчиларнинг бурчи” мавзусида ўтказилаётган туркум семинарларнинг навбатдагиси Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Унда уч томонлама ижтимоий шериклар – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси мутасаддилари, қурилиш ташкилотларининг вакиллари иштирок этмоқдалар.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев сўзга чиқиб, қурилиш ташкилотларида муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси ҳамкорлиги тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Ғоибназарова “Қурилиш ташкилотларида хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда ижтимоий шериклик” мавзусида маъруза қилди.
– Касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлардаги 40 мингдан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар орқали ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилмоқда, – деди ўз сўзида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Б.Махмадалиев. – Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар фаолиятининг самарали ташкил этилиши иш берувчи томонидан ходимларга қулай меҳнат шароитлари яратилишида муҳим ўрин тутмоқда. Вакилларнинг корхоналарда маъмурий-жамоатчилик назоратидаги иштироки меҳнат муҳофазаси соҳасида мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилишига имкон яратмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ўртасида 2020-2022 йиллар учун тармоқ келишуви имзоланган, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Шу билан бир қаторда, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли Конвенцияси нормаларини амалда қўллаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси тизимидаги корхона ва ташкилотларда тадбиқ қилиш бўйича 2021-2022 йилда амалга ошириладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда қурилиш тармоғидаги 457 та қурилиш корхоналари жамоа шартномалари билан қамраб олинган. Қурилиш сохаси корхоналарининг касаба уюшмаларида 500 дан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар фаолият юритмоқда.
Семинарда қурилиш ташкилотлари вакиллари ҳам сўз олиб, ўз ташкилотларидаги меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими ҳолати хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати