[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.07.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Биз бир элмиз, бир халқмиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!” шиори остида Қорақалпоғистонлик болажонлар Республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда дам олдирилмоқда.

Куни кеча бир гуруҳ Қорақалпоғистонлик ўғил-қизлар Жиззах вилоятида тантанали равишда карнай-сурнай садолари остида кутиб олиниб, Шароф Рашидов туманидаги “Energy” болалар соғломлаштириш оромгоҳига жойлаштирилди.

Мазкур оромгоҳда ҳордиқ чиқаришга отланган Оролбўйи минтақасининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган, иқтидорли 135 нафар ўғил-қизлари Жиззах темир йўл вокзалида кутиб олингач, уларнинг барчасига махсус кийим-бош ва бошқа зарур маиший воситалар ҳадя этилди. Шундан сўнг улар давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.

Ушбу тадбирлардан сўнг оромгоҳга йўл олган болажонлар “Energy” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўзлари учун яратилган шарт-шароитларни кўриб ниҳоятда ҳурсанд бўлдилар.

– “Energy” оромгоҳига келганимдан жуда бахтиёрман. Бу ерда бўш вақтимизни мазмунли ўтказишимиз учун ҳамма керакли шароитлар яратилган, – деди севинчини яширолмай қорақалпоғистонлик ўқувчи Моҳинур Маратбоева. – Айниқса, кутубхонадаги китобларни кўриб жуда севиндим, чунки, турли мавзулардаги бадиий адабиётларни ўқиш жону-дилим. Оромгоҳда биз яна кўп нарсаларни ўрганяпмиз, бунинг учун бизга тўгаракларда ўтказилаётган машғулотлар ёрдам беряпти. Мана шундай сўлим оромгоҳларда дам олишимиз учун имконият яратиб бераётган Президентимизга кўпдан кўп раҳматлар айтамиз.

Оромгоҳда шунингдек, Маънавият ва маърифат хонаси, ўнга яқин тўгараклар, замонавий чўмилиш ҳавзаси, шинам спорт майдончалари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланувчи ошхона, яшилликка бурганган оромгоҳ ҳудуди болажонларнинг мириқиб дам олишларига хизмат қилмоқда. Албатта бундай мароқли ҳордиқ Оролбўйилик ўғил-қизларнинг янги ўқув йилини янги куч-ғайрат, хуш кайфият билан бошлашларига замин яратади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати