Ҳурматли “Доктор Акрамов Блог” телеграм канали юритувчиси Абдулазизхон Акрамов.
Сиз ўз телеграм каналингизда “Аномал иссиқ” мавзусида чоп этган постингизда сизнинг талқинингиз билан айтганда “профсоюз” тўғрисида асоссиз ва нотўғри маълумотларни бергансиз.
Аввало, ўзбек тилида чоп этаётган постларингизда номи келтирилаётган ташкилотларни ўзбек тилидаги номи билан атасангиз мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтишни ўринли деб билдик. Яъни юқорида номи тилга олинган постингизда чоп этганингиздек “профсоюз” эмас, касаба уюшмалари дейилиши лозим.
Бундан ташқари, сиз талқин қилаётган “Ўзбекистонда барча солиқ тўловчилар Профсоюзга ойлигидан 1% фоиз мажбурий солиқ беради” деган маълумот асоссиз ва ҳақиқатдан йироқдир. Чунки касаба уюшмаларига барча солиқ тўловчилар солиқ тўламайди, аксинча касаба уюшмага аъзо бўлган ходимларгина аъзолик бадалини ўтказадилар.
Яна бир муҳим жиҳат, бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ахборот соҳасини ислоҳ этиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида сўз эркинлигига кенг йўл берилмоқда. Аммо, бу истаган одам оғзига келган сўзлар билан бирор одам ёки ташкилотни ҳақорат қилиши, унинг фаолиятини билмай туриб асоссиз айблаши, сўз эркинлигини суистеъмол қилиши мумкин дегани эмас. Зеро ҳар бир айтилган гап ортида ўзига хос масъулият мавжуд. Айниқса, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаётган маълумотлар ёки материалларда келтирилган фактлар учун жавобгарлик масаласи ҳам бор.
Шу боис мамлакат миқёсида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келаётган ташкилотни “мурда ташкилот” дея атаганингиз, шунингдек, “иссиқ бошлангандан бери бу ташкилот на бирор баёнот берди. Ҳеч бўлмаса аномал иссиқда ишчиларни бепул сувлар билан таъминлаш, корхона ёки ишлаш майдонини салқинлаштириш, соялаштириш, очиқ майдондаги мутахассисларни иш ҳақини сақлаган ҳолда ишга чиқмаслигига рухсат бериш ёки бошқа имтиёзлар ҳақида бир энлик баёнот бермади” деган бўҳтон сўзларни айтишингиз жамоатчилик фикрини чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Бундай ҳақорат ва нотўғри маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик масъулияти борлигини яна бир бор элатган ҳолда, фақат ўзингизни жуда билимдон деб билмасдан, ўзингизникидан бошқа ижтимоий тармоқларни ҳам кузатиб, танишиб боришингизни маслаҳат берамиз. Зеро, иссиқ кунлар бошланиши билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Федерациянинг Интернет тармоғидаги “kasaba.uz” веб-порталида, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Телеграм канали”да ва “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида, “Azon.uz” сайти ва телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқори ҳароратли об-ҳаво шароитлари кузатилаётгани сабабли ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини амалга оширишларини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган “Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби ва тавсиялар”, уларга мувофиқ амал қилиниши зарур бўлган тартиб-қоидалар тўғрисида кенг жамоатчилик бир неча бор хабардор этилган.
Яна бир гап, сиз блогер сифатида ҳамманинг номидан хулоса қилишга ўзингизни ҳақлиман деб ўйласангиз, қаттиқ хато қиласиз.
Шуни ҳам маълум қиламизки, касаба уюшма аъзолари тўлаётган бадаллар жамоа шартномалари орқали уларнинг ўзларига:
– ижтимоий ҳимоя;
– меҳнат муҳофазаси;
– меҳнат ҳуқуқи поймол этилган ходимларни суд орқали ҳимоялаш, ишга тиклаш, етказилган зарар пулларини ундириб бериш;
– ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш;
– меҳнаткашларнинг йил сайин ортиб бораётган эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида янги санаторий ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш, реконструкция қилиш, қабул қувватини ошириш;
– эҳтиёжманд ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш;
– кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган ходимларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари ҳарид қилиш;
– ёш оилаларга фоизсиз ссудалар бериш каби амалий ёрдам ва тадбирлар орқали қайтарилаётганини ҳам билиб қўйсангиз фойдадан холи бўлмайди.
Бу каби маълумотлар билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “kasaba.uz” веб-портали, Телеграм канали ва “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари орқали янада кўпроқ танишишингиз мумкин.
Шуни ҳам маълум қиламизки, биз сиз билан очиқ мулоқотга доим тайёрмиз.
Қуйида сизнинг эътиборингизга мамлакатимиздаги аномал иссиқ об-ҳаво шароитида ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби ва тавсияларини ҳавола этамиз.
Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби ва тавсиялар
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқори ҳароратли об-ҳаво шароитлари кузатилаётгани сабабли ходимлар ва иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини амалга оширишларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Юқори ҳароратли об-ҳаво шароитларида корхоналарда ишлаётган ходимлар ва иш берувчиларга ишлаш тартиби ва тавсиялар” ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.
Мазкур тартиб ва тавсияларда таъкидланганидек, корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари СанҚваМ 0324-16 талаблари асосида бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.
Иш берувчи томонидан хавонинг иссиқ ҳарорати юқори даражаси вақтида биноларда микроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларига ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминланиши ва назорат қилиниши, техник жиҳатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақти қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.
Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларида, далаларда) фаолиятини амалга ошириётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режими ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириш, иш вақтининг қисқартирилиши), шунингдек ходимлар бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим.
Иш вақти қисқартирилган тақдирда, куннинг ишланмаган иш вақти учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади (МКнинг 159-моддаси).
Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.
Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.
Об-ҳаво харорати даражаси юқори бўлган вақтларда Ўзбекистон фуқароларига бериладиган тавсиялар қуйидагича:
– тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш;
– имкон қадар кўчада ўтказиш вақтини чеклаш;
– ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш;
– иссиқдан ҳимояланиш учун, айниқса, ёши 55 дан юқори бўлган одамлар учун бу жуда зарур, бош кийим ёки соябон билан юриш;
– жисмоний фаолиятни камайтириш;
– автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш;
– кўпроқ сув ичиш, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув;
– спиртли (алкоголь) ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик ва бошқалар.
Мазкур тавсиялар тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига етказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати