25.07.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўтказилаётган “Биз бир элмиз, бир халқмиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!” ижтимоий лойиҳаси давом этмоқда.
Маълумки, мазкур лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонлик болажонлар Республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда дам олдирилиб, саломатликлари мустаҳкамланмоқда. Оромгоҳларда уларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари ва бўш вақтларининг ҳар бир дақиқасини мазмунли ўтказишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Энг муҳими, Оролбўйи болажонлари ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқиб, интеллектуал салоҳиятларини оширмоқдалар.
Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олиш мақсадида Қорақалпоғистондан йўлга чиққан 200 нафар мактаб ўқувчилари байрамона кутиб олиниб, сўлим оромгоҳга жойлаштирилди.
“Лочин” оромгоҳида уларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгаши ҳамда Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мутасаддилари тантанали равишда қарши олдилар. Дам олиш маскани болажонларнинг беғубор ўйин-кулгилари билан янада файзга тўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати