[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.08.2022. Ҳурматли “yuristkadr” телеграм канали юритувчиси Саидали Мухторалиев.

Сиз томонингиздан телеграм каналингизда меҳнат қонунчилиги, ходимлар ҳақ-ҳуқуқлари, қолаверса, касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат  ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишлари тўғрисида холис ахборот ва материаллар бериб борилаётганини жуда қадрлаймиз.

Хусусан, жорий йилнинг 11 январь куни телеграм каналингизда эълон қилинган “Афсуски, раҳбарларнинг қонунбузарлигини кўра-била туриб, бундан кўз юмадиган судлар ҳали ҳам бор” дея бошланган материалда Навоий вилоятининг Томди тумани транспорт сектори 1-тоифали инспектори М.Алимов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳолати юзасидан қуйидаги фикрларни билдиргансиз: “Манави баённомада касаба уюшмаси қўмитаси ходим А.Алимовни ишдан бўшатиш (МК 100-модда 2—қисм, 4-банди билан)га розилик бериш ҳақидаги тақдимномага аслида розилик бермаган. Аксинча, “бошқа бирор иш ўрни бўлса бир неча йиллардан бери ишлаб келаётгани, меҳнат жамоасида ишлаш учун имкон бериш ҳақидаги фикр ва илтимосларини инобатга олган ҳолда қонун доирасида иш кўрилишига эътирози йўқлигини билдиради” деб қарор қилган. МК 101-моддасидаги Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш ҳақида ҳеч қандай розилик муносабати йўқ. Иш берувчи эса, ходимни бўшатиб юборган. Касаба уюшмалари Федерацияси бу бўшатиш ноқонуний бўлганлигини маълум қилган. Шунга қарамасдан, ФИБ Кармана туманлараро суди ва Навоий вилояти суди ходимнинг асосли даъвосини рад қилган. Бу фуқарога ҳақиқатни Олий суддан излашни маслаҳат бераман, чунки Олий суд ҳозир ишга тиклашга оид низоларга анчагина ҳолис ва адолатли қараяпти. (https://t.me/yuristkadr/6013).

Жорий йилнинг 17 август куни “yuristkadr” телеграм каналида эълон қилинган “Бешариқлик Зарнигор ҳақида” номли материалингизда эса касаба уюшмаларининг ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўзининг холис ва аниқ хулосаларини бераётганини таъкидлаб қуйидаги фактларни келтиргансиз: “Аввалроқ, адвокат Баҳодир Ахмедов Бешариқ туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида раҳбар бўлиб ишлаган Зарнигор Худойназарова деган қизимизни ишга тикланишига ёрдам берди. Суд орқали, албатта. Фарғона шаҳридаги фуқаролик суди судьялари меҳнат низолари ва ишга тиклаш масалаларида анчагина адолатли. Қолаверса, Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ходимлари ҳам вазиятга ўзларининг холис ва аниқ ҳулосасини бериб суднинг ишини анча осонлаштирди.” (https://t.me/yuristkadr/7302).

2021 йилнинг 18 май куни эълон қилинган “Касаба уюшмаси қўмитаси ходимни ишдан бўшатилишига розилик бермади” сарлавҳали постингизда ҳам касаба уюшмаси ишини холис кўрсатиб ўтгансиз: “Менга бир мурожаат келиб қолди. Бухоро вилояти Олот тумани халқ таълими бўлими ходими (кадрлар хизмати масъули)дан. Хуллас, ходим аттестациядан ўта олмаган ва ўз вазифасига нолойиқ деб топилган.

Иш берувчи керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, бу ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-модда иккинчи қисм 2-бандига асосан, яъни ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши важи билан бекор қилмоқчи. Ўртадаги тартибларни тўлиқ бажариш мақсадида, шу корхонадаги касаба уюшмасига ходимни ишдан бўшатишга розилик беришни сўраб тақдимнома киритди. Бироқ, касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари йиғилиб, ходимнинг ижтимоий аҳволини, ёлғиз оналигини, унинг боқувида вояга етмаган болалари бор эканлигини ҳамда корхонадаги кўп йиллик меҳнатини эътиборга олиб, иш берувчига рад жавоби берди. Яъни, ходимни иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатилишига розилик бермади”. (https://t.me/yuristkadr/4433).

2021 йилнинг 13 февраль куни чоп этилган постингизда касаба уюшмалари ходимлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилаётганини холис кўрсатиб ўтгансиз: “Дўстимиз – Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юрисконсульти Халимов Завриддин ҳам Қизилтепа тумани санитария-эпидемилогия осойишталик марказидан ноқонуний равишда бўшатилган ходим А.Сатторовани ҳимоя қилиб судда иштирок этибди. Ва ўзимиззи тилда айтганда ютибди.

Кармана туманлараро фуқаролик судининг 2021 йил 21 январдаги ҳал қилув қарорига асосан ходим А.Сатторовани ўз ишига қайта тикланиши, иш берувчидан ходим фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 10.612.284 сўм иш ҳақи ҳамда 4.514.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланибди.

Энг асосийси, ушбу суд ҳал қилув қарорида ҳам ПФ-6035-сонли Фармонда “СЭС” тизимининг тугатилиши эмас, балки қайта ташкил этилиши белгиланганлиги жуда аниқ қилиб кўрсатиб қўйилибди (ҳал қилув қарорининг         7-бети 3-хатбошисига қаранг).” (https://t.me/yuristkadr/3806).

2020 йилнинг 30 ноябрь куни эълон қилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “СЭС” ходимларига оид мурожаати юзасидан” сарлавҳали постингизда эса: “СЭС” тизимидаги оммавий бўшатишларнинг ноқонуний бўлаётганлиги, бу билан Президент фармони талаблари аслида бузилаётганлиги, қайта ташкил этилган тизим “тугатилди” деб нотўғри талқин қилинаётганлиги ҳамда бунинг натижасида минглаб ходимлар чорасиз, кўчада қолаётганлигини такрор ва такрор айтиб келяпмиз. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг позицияси ҳам ҳудди шундай бўлиб чиқди.

Гап шундаки, Федерация Раиси Қудратилла Рафиқовнинг Бош вазир номига йўллаган хатида, Президентимизнинг ПФ-6035-сонли Фармони ижросини таъминлаш борасида “СЭС”даги ҳозирги жараённи тугатиш эмас, балки қайта ташкил этиш деб талқин қилиш сўралган.

Бу хатда вазиятга нисбатан ёндашув аниқ ва равшан тарзда билдирилган. Бу билан Федерация Бош вазир Абдулла Ариповдан ходимларнинг оммавий равишда бўшатилишини тўхтатиб қолишни сўраган.

Шахсан мен юрист сифатида, ходимлар ҳимояси йўлида берилган ушбу расмий хатнинг қиймати ва баҳосини бениҳоя катта деб ҳисоблайман. Айниқса, бугунгидек ўта муҳим бўлган даврда.

2020 йил 11 ноябрь куни “Касаба уюшмалари куни” деб белгиланди, шу куни бўлиб ўтган катта йиғилишда касаба уюшмалари бир жам бўлиб, бундан кейин “Янги Ўзбекистон – Янги касаба уюшмалари!” деган шиор остида, бутунлай янгича услубда ишлашларини эълон қилишди.

Демак, ҳозир шундай бир чизиқда турибмизки, агар биргина “СЭС” тизими мисолида ана шу чизиқдан ўта олсак, Ўзбекистондаги миллионлаб меҳнат жамоаси вакилларида, миллионлаб ходимларда, умуман ўзимизни ЎЗБЕК ҲАЛҚИДА Касаба уюшмаларига бўлган ишонч минг карра ошади.

Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.” деган холис фикрларни билдиргансиз. (https://t.me/yuristkadr/3198).

Шу ўринда эслатиб ўтишимиз жоиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши  саъй-ҳаракатлари билан кўплаб СЭС ходимларининг манфаатлари ҳимоя қилиниб, меҳнат ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Бу борада ўзингиз ҳам бевосита касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилган ҳолда ушбу жараёнларда иштирок этдингиз. Бошқача қилиб айтганда, юқоридаги постингизда таъкидлаганингиздек, ўша чизиқдан ўтилди. Бундай дейишимизга тўла асос бор. Зеро, касаба уюшмалари томонидан СЭС ходимлари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича суд орқали киритилган қатор даъво аризалари натижасида тизимдаги чалкашликларга барҳам берилди. Яъни, Меҳнат кодексининг 98-моддаси талаблари асосида ходимнинг розилиги билан унинг меҳнат муносабатлари, яъни фаолияти, қайта ташкил этилган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматларида давом эттирилишига эришилди. Бир сўз билан айтганда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олди олинди.

Бундан ташқари Санитария-эпидемиологик хизмати тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар  натижасида 2020 йилда Санитария-эпидемиологик хизмати тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, иш берувчиларга киритилган тақдимномалар орқали 138 нафар соҳа ходимларининг ҳуқуқлари тикланди.

2021 йил давомида эса худди шу тартибда 1139 нафар соҳа ходимларининг ҳуқуқлари тикланди. Судларга киритилган даъво аризалари натижасида 63 нафар ходимнинг ҳуқуқлари суд орқали тикланиб, уларга 544 млн. 700 минг сўм миқдоридаги маблағ ундириб берилди.

2022 йилнинг 6 ойи давомида Санитария-эпидемиологик хизмати тизимидаги ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимлар манфаатлари ҳимояси учун иш берувчиларга тақдимномалар (кўрсатма) киритилиб, 484 нафар соҳа ходимларининг ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Шунингдек, судларга киритилган даъво аризалари натижасида 131 нафар ходимнинг ҳуқуқлари суд орқали тикланиб, уларга 562 млн. 500 минг сўм маблағ ундириб берилди.

Ҳурматли Саидали Мухторалиев.

Юқоридаги фактларни шунчаки ҳисобот учун эмас, ҳақиқатдан ҳам касаба уюшмалари амалда ишлаётганини биргина тармоқ касаба уюшмаси фаолиятининг битта йўналишида олиб борилаётган ишлар мисолида кўрсатиб бериш учун келтириб ўтдик. Бундан ташқари фаолиятнинг бошқа қатор йўналишларида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Сиздан бир нарсага алоҳида эътибор қаратишингизни сўрамоқчимиз. Ўз чиқишларингиз орқали ходимларни ҳуқуқларидан хабардор қилаётганингиз жуда яхши. Аммо, сизни ҳақиқатдан йироқ фактларни омма эътиборига ҳавола этмасликка чақирамиз.

Бу гапларимизга эътироз билдиришга шошилманг, ҳақиқатдан йироқ фактлар деб бекорга айтмаяпмиз. Жорий йилнинг 16 август куни телеграм каналингизда эълон қилган видео чиқишингизда “Касаба уюшмалари деганда бизни кўз олдимизга тушимиздаги санаторий йўлланмалари келади, деярли 99 фоиз ходимлар ўзлари аъзо бўлган касаба уюшмалари ташкилотларининг ёрдам ва имтиёзларидан фойдаланмаяпти” деган сўзларни айтдингиз. Энг қизиғи, худди шу постингизда сиз ходимлар сиз айтган касаба уюшмасини тузса босқичма босқич ходимларни аксарият қисми санаторийларда даволаниш ёки бошқа имтиёзлардан фойдаланиши мумкин бўлади деяпсиз.

Эътибор беринг-а, хатто ўзингиз ҳам таъкидлаяпсизки, агар ходимлар сиз айтган касаба уюшмаларини тузсалар, босқичма-босқич ходимларнинг аксарият қисми ёки кўпчилик қисми (эътибор беринг, ҳаммаси дея олмаяпсиз!) бу имкониятлардан фойдаланиши мумкин бўлади деяпсиз. Демак, сиз тескари ташвиқот шаклида ходимларга тузишни таклиф этаётган касаба уюшмалари ҳам ҳамма ходимга баб-баробар санаторий йўлланмаларини бера олмас экан-да. Ҳа, яшанг, жуда тўғри, ҳар қандай ҳолатда ҳам ходимлар бундай имтиёзлардан, яъни санаторий йўлланмалари, моддий ёрдам, саёҳатга чиқиш каби имтиёзлардан босқичма-босқич фойдаланадилар. Чунки, касаба уюшмалари ўзаро ёрдам кассаси эмас, аксинча ходимларнинг бирдамлик ташкилоти ҳисобланади. Яъни, жами ходимлар тўлаган аъзолик бадаллари бугун мушкул аҳволга тушган бир нечта ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига йўналтирилса, эртага яна бошқа ана шундай ижтимоий-иқтисодий ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган ходимга йўналтирилади. Ўзбекистон касаба уюшмаларига аъзо бўлган ҳодимлар ҳам бугунги кунда имтиёзлардан худди шу тартибда босқичма-босқич фойдаланиб келмоқдалар.

Сиз томонингиздан ўйламай, осоонгина айтворилаётган яна бир фикрга қулоқ солайлик: Сизнинг айтишингизча агар ходимлар сиз айтган касаба уюшмаларини тузишса  педагоглар учун 2-3 йил ичида ҳар битта туманда биттадан санаторий, биттадан сиҳатгоҳ қуриш мумкин бўлармиш. Шу ерда эви билан-да энди, деворгинг келади киши. Нима учун дейсизми, ҳозир айтамиз нима учунлигини.

Сиз ҳуқуқшунос бўла туриб нима учун одамларни тескари ташвиқотга бошлаяпсиз?! Авваломбор, сиз айтганингиздек ҳар бир туманда биттадан санаторий ва биттадан сиҳатгоҳ қурилди ҳам дейлик, аммо уни замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозлаш, тиббий ва техник персоналга ҳар ойда ойлик тўлаш, йил бўйи бу муассасаларни сақлаш, вақтида таъмирлаш, даволаш муолажалари, озиқ-овқат ҳаражатлари ва яна кўплаб ҳоказолар учун ҳаражатлар борлиги сизнинг эсингизга келмади шекили. Қолаверса, бугун касаба уюшмалари ходимларга бераётган имтиёз ва кафолотлар санаторий қуришу йўлланма беришдангина иборат эмаслиги ҳам ёдингиздан чиққан кўринади. Ким-ким сиз буни жуда яхши биласиз. Қандай қилиб дейсизми? Ҳозир буни ҳам тушунтириб берамиз.

2022 йилнинг 8 январь куни “yuristkadr” телеграм каналида сиз томонингиздан эълон қилинган “Жисмоний тарбия ўқитувчиларининг ҳуқуқлари тикланади!” сарлавҳали постингизда шундай дегансиз:

“Ўтган йили Халқ таълими вазири томонидан мактаблардаги “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг дарс соатлари “спорт зали йўқ” деган баҳона билан қисқартириб ташланган эди. Бу энг биринчи навбатда ушбу ўқитувчиларнинг ойлик маоши камайишига олиб  келган эди (бизнинг муносабатимиз) (https://t.me/yuristkadr/3714).

Қувончли ҳабар: Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Халқ таълими вазирининг дарс соатларини қисқартириш ҳақидаги буйруқларини ноқонуний деб топиб, уларни бекор қилиш ҳақида вазирга тақдимнома киритибди. Бу жуда яхши янгилик. Қанчадан-қанча ходимларнинг иш ҳақлари ўз жойига келади, ўқитувчиларнинг иш ҳақлари қисқартирилган вақтдан бошлаб қайта-ҳисоб китоб қилиб, тўлаб берилади. Бироқ, Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги бу тақдимномани осонликча ижро қилмаслиги мумкин, шу боис, вазиятга бошқа мутасаддилар ҳам аралашса яхши бўларди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасидаги акалар ва опалар, бўларканку!???????? (https://t.me/yuristkadr/5987).

Мана шу постингизнинг ўзиёқ бугунги касаба уюшмаларининг фақатгина йўлланма берувчи ташкилот эмас, балки ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш, зарур бўлса судларда ҳимоя қилиш орқали меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаб келаётганлигини яққол кўрсатиб турибтику.

Касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган шу каби ҳаракатлар ва қолаверса, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ҳимояси йўлида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида юқорида келтириб ўтилган фактларнинг ўзиёқ Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўз ишини виждонан бажарётганини яққол кўрсатиб турибди. Буни телеграм каналингизга жойлаган постларингиз ҳам тасдиқлаб турибди.

Шундай экан сиз “Халқ таълими тизимидаги 99 фоиз ва ундан ортиқ ходимлар умрида касаба уюшмасига тегишли бўлган санаторийлардан фойдаланмаган” деган сўзларни қайси фактларга асосланиб айтяпсиз, исботлаб бера оласизми буни? Оммани эътиборини жалб қиламан деб, оғзига келган гапни айтвориш орқали бутун бошли ташкилотни обрўсизлантиришга уриниш учун ҳам жавобгарлик борми, юрист сифатида сиз бунга нима дейсиз, ҳурматли Саидали Мухторов?!

Энди оддий математикага ўтсак: яъни, сиз айтганингиздек, халқ таълими тизимидаги ходимлар сонини шартли равишда 700 минг деб олинса-ю, улар ҳар ойда касаба уюшмасига ўртача 20 минг сўм ўтказаётган бўлса, 700 мингта ходимдан             1 ойда 14 миллиард сўм ўтаётган бўлса, бу пуллар кўпи билан тахминан бор-йўғи      7 минг нафар ходимга санаторий йўлланмасини беришгагина етаркан холос. Яъни, 700 минг нафар халқ таълими тизими ходимларининг бор-йўғи 1 фоизини дам олдиришгагина етаркан.

Ёки яна ҳам соддароқ қилиб тушунтирсак, халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 1 нафар ходим касаба уюшмасига ҳар ойда ойлигидан сиз айтгандек ўртача 20 минг сўм эмас, борингки 30 минг сўм аъзолик бадали ўтказади дейлик. Мана шу 1 нафар ходимнинг касаба уюшмасига ўтказган пуллари 1 йилда 360 минг сўмни ташкил қилар экан. Бундан кўриниб турибдики, ходим қарийб 10 йил аъзолик бадали тўласагина 1 та санаторий йўлланмасига етадиган ўртача маблағ йиғилар экан. Амалга оширилаётган бошқа ишларга эса маблағ қолмас экан, ваҳоланки, бугун касаба уюшмалари томонидан ходимларни ҳар 2 йилда бир марта имтиёзли йўлланма билан таъминлаш билан бирга, ушбу имтиёздан ходимлар яқин қариндошларининг фойдаланиши учун ҳам имконият яратиб берилган.

Охирги 2 йил давомида эса халқ таълими тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган ходимларни бепул йўлланмалар асосида дам олдириш ишлари ҳам амалга ошириб келинмоқда. Ана шундай имкониятдан 2022 йилнинг 6 ойи давомида 2 минг 731 нафар соҳа ходимлари, 2021 йилда эса 5 минг 598 нафар соҳа ходими фойдаланди, яъни, ўтган 1,5 йил давомида халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган жами 8 минг 329 нафар ходим касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди ва ушбу мақсадларга жами 23 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, санаторий йўлланмаларидан ташқари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, маданий-маърифий тадбирлар билан қамраб олиш, фарзандларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, саёҳатларга олиб чиқиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мана шу жойда биргина Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан халқ таълими тизимидаги ходимлар манфаатлари ҳимояси йўлида амалга оширилаётган ишлардан баъзиларини санаб ўтсак:

  1. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Халқ таълими вазирининг дарс соатларини қисқартириш ҳақидаги буйруқларини ноқонуний деб топиб, уларни бекор қилиш ҳақида вазирга тақдимнома киритиши натижасида Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 13 мингдан зиёд “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг ҳуқуқлари тикланди.
  2. Биргина 2022 йилнинг олти ойи давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали:
  • пенсия ёшидаги соҳа ходимларига пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, юбилей саналари муносабати билан ходимларни рағбатлантириш учун 58 миллион 611 минг сўм маблағ сарфланган;
  • ишламайдиган 125 нафар пенсионер ходимга қарийб 24 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган;

– бундан ташқари  2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, тармоқ ташкилотларидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ходимларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаш ишлари амалга оширилган;

  • кам таъминланган оилалардан бўлган соҳа ходимларига моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида 586 миллион сўм маблағ сарфланган;
  • олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларнинг ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилган;
  • касаба уюшмаларига соҳа ходимларидан келган 24 минг 531 та мурожаатдан 21 минг 102 таси қаноатлантирилган;
  • соҳа ходимларининг поймол этилган ҳуқуқлари ҳимояланиб, иш берувчиларга 22 та тақдимнома киритилган ва қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилган;
  • Андижон шаҳар ХТБга қарашли 35-давлат ихтисослаштирилган мактабининг 130 нафар педагог ва ходимларининг ўз вақтида берилмаган 205 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилган;
  • 7500 дан ортиқ касаба уюшма аъзоси санаторийларда имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилган, ушбу мақсаларга 26 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланган;
  • 2731 нафар соҳа ходимлари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилган ва ушбу мақсадларга 9 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланган;
  • Касаба уюшма аъзоларига жами 3 миллиард 800 миллион сўмлик бир марталик рағбатлантириш пуллари берилган.

 

Ўтган 2021 йилда эса жамоа шартномаси тадбирлари бажарилиши учун ўрта ҳисобда бир ходимга ойлигидан ташқари сарфланган маблағ 3194,0 минг сўмни ташкил қилган.

2021 йил давомида:

  • 1906 нафар соҳа ходимларининг ҳуқуқлари тикланган;
  • Педагог ходимларни турли байрамлар муносабати билан рағбатлантириш, тақдирлаш, қадимий шаҳарларга саёҳатга олиб чиқиш ишларига 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган;
  • 100 минг нафардан ортиқ ходимнинг соғлиғини тиклаш мақсадида қарийб 23 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган;
  • Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соҳа ходимлари, уларнинг яқин қариндошларидан 13 минг 300 нафари имтиёзли равишда, 5 минг 598 нафари бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилган. Ушбу мақсадларга жами 47 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланган;
  • 26 минг нафардан зиёд фаолларга касаба уюшма ташкилотлари томонидан 6 миллиард 700 миллион сўмлик бир марталик рағбатлантириш пуллари берилган;
  • Бундан ташқари, бугунги кунда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга оид Конвенциялари бажарилиши бўйича жамоатчилик мониторингини ўтказиб келмоқда. Бу ҳам ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси йўлидаги катта қадам бўлиб, турли қонунбузилишларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Демак 99 фоиз ходимнинг касаба уюшмасидан фойдаланмаётгани тўғрисида сиз айтган гаплар мутлақо асоссиз.

Шу ўринда сизга бир қатор ўринли саволларимиз бор:

– Сиз юқоридаги таъкидланган постингизда айтганингиздек 99 фоиз ходим касаба уюшмаси ёрдам ва имтиёзларидан фойдаланмаётган бўлса, юқорида санаб ўтилган ходимлар кимлар экан, ёки Марсдан тушганлармикан?

– Сиз бундай асоссиз ва қуруқ туҳмат сўзларни айтишдан аввал юрист сифатида ушбу сўзларнинг исботи бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?!

  • Сиз ўзингиз касаба уюшмасига аъзомисиз?
  • Аъзо бўлсангиз, касаба уюшмасига мурожаат қилдингизу, сизга йўлланма беришмадими?
  • Бундай ҳол бўлмаган бўлса, нима учун санаторий йўлланмаларини тушимизда кўрамиз деяпсиз?
  • Нима учун кўпчилик ходимлар номидан гапираяпсиз, бунга ҳаққингиз борми?

Ҳурматли Саидали Мухторалиев!

Сиздан мана шу масалалар хусусида яхшилаб мулоҳаза қилган ҳолда ўйлаб олишингизни, бирор бир ташкилот фаолиятига баҳо бераётганда холисликни устун қўйишингизни, асоссиз фактларни ишлатмаслигингизни сўраб қоламиз. Зеро, айрим ташкилотларда дуч келинаётган камчиликлар учун бутун бир тизимни қоралаш муаммонинг ечими эмаслигини сиздек малакали ҳуқуқшунос яхши билсангиз керак.

Материалимизнинг сўнгсўзи ўрнида таъкидламоқчимизки, мақсадингиз ходимлар манфаатлари ҳимояси бўлса, холис ёндошган ҳолда аниқ фактларни келтириб, муаммо бор корхона, ташкилот ёки муассаса номини келтирсангиз, мавжуд муаммоларни бартараф этиш янада осонлашарди. Зеро, шахсий манфаатлар эмас, балки ходимлар манфаатлари устунлиги фаолият мезони бўлса ана шу мақсадларга эришилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати